Бенин миллий терма жамоаси бош мураббийи Гернот Рор Аргентинага қарши ўтказилган ўртоқлик учрашувидан сўнг рақиб жамоа вакилларининг муносабатидан норозилигини билдирди.
Аргентина терма жамоаси 3:0 ҳисобида ғалаба қозонган мазкур баҳс Лионель Мессининг миллий жамоа сафидаги сўнгги учрашуви бўлди.
Ўйиндан кейин Бенин футболчилари аргентиналик рақиблари билан футболка алмашиш ва Месси билан эсдалик учун суратга тушишни исташган. Бироқ уларнинг бу хоҳиши амалга ошмаган.
Гернот Рор RMC телеканалига берган интервьюсида вазиятни қуйидагича изоҳлади:
«Ҳа, бу жуда оғир бўлди. Афсусланарли ягона жиҳат шундаки, аргентиналиклар бизга ҳеч нарса беришмади. На Месси билан суратга тушиш имконияти, на футболка.
Бизни ҳатто стадион йўлагига ҳам, кийиниш хонасига ҳам киритишмади», — деди германиялик мутахассис.
Рорнинг сўзларига кўра, хавфсизлик хизмати Бенин футболчиларининг Аргентина терма жамоаси вакиллари олдига боришига рухсат бермаган.
Бенинлик ўйинчилар шунга қарамай, рақиблари билан футболка алмашишга ҳаракат қилишган, аммо бу уринишлар ҳам натижа бермаган.
Бош мураббийнинг ўзи эса фақат битта эсдаликка эга бўлишга муваффақ бўлган.
Рор Лионель Мессининг 2018 йилги футболкасини Аргентина терма жамоаси бош мураббийи Лионель Скалонига топширган. Скалони эса футболкани Мессига имзолатиб, кейин эгасига қайтарган.













