Лондоннинг «Арсенал» клуби марказий ярим ҳимоячиси Макс Доуман 2025/2026 йилги мавсумда қайд этган тарихий натижалари учун Гиннеснинг рекордлар китоби томонидан учта расмий сертификат билан тақдирланди.
16 ёшли англиялик футболчи Европа футболининг нуфузли мусобақаларида бир қатор ёш рекордларини ўрнатишга муваффақ бўлди.
Хусусан, Доуман 15 ёшу 308 кунлигида майдонга тушиб, УЕФА Чемпионлар лигаси тарихида иштирок этган энг ёш футболчига айланди.
Шунингдек, у 16 ёшу 73 кунлигида Англия Премьер-лигасида гол уриб, мусобақа тарихидаги энг ёш тўпурар сифатида рекорд ўрнатди.
Бундан ташқари, Доуман 16 ёшу 144 кунлигида Англия Премьер-лигаси чемпиони бўлиб, ушбу совринни қўлга киритган энг ёш футболчи сифатида ҳам тарихга кирди.
Дунёнинг энг иқтидорли ёш футболчилари қаторида
Макс Доуман Гиннеснинг рекордлар китоби томонидан тайёрланган «2027 йил авлоди» (Class of 2027) рўйхатига ҳам киритилди.
Мазкур рўйхатга эркаклар ва аёллар футболидаги энг ёрқин 30 нафар ёш истеъдод жамланган. У Football Edition 2027 номли махсус футбол нашри учун тузилган.
Доуман билан бир қаторда «Барселона» қанот ҳужумчиси Ламин Ямал, «Манчестер Сити» ярим ҳимоячиси Аюб Буадди ва «Челси» дарвозабони Ҳанна Хэмптон ҳам ушбу рўйхатдан жой олган.
Учта рекорд учун махсус тақдирлаш маросими
Китоб нашр этилиши арафасида Гиннеснинг рекордлар китоби ҳаками Кейтлин Хайем «Арсенал»нинг машғулотлар базасига ташриф буюрди.
Ташриф давомида у Макс Доуманга учта тарихий рекорди учун расмий сертификатларни топширди.
Шунингдек, ёш футболчига Football Edition 2027 китобининг бир нусхаси ҳам тақдим этилди.
Маълум қилинишича, мазкур нашрда жаҳон футболида ўрнатилган юзлаб янги рекордлар ҳақидаги маълумотлар жамланган.













