Мюнхеннинг «Бавария» клуби кузатув кенгаши аъзоси Карл-Хайнц Румменигге Гарри Кейн ва Майкл Олисе жамоада узоқ муддат қолиш ниятида эканини маълум қилди.
Руммениггенинг таъкидлашича, клуб ҳар икки футболчи билан ҳамкорликни давом эттиришни режалаштирмоқда.
«Уларнинг иккаласи ҳам «Бавария»да узоқ йиллар қолишни хоҳлайди.
Умид қиламан ва ишончим комилки, Гарри яқин вақт ичида шартномасини узайтиради. Кейинги навбат Майклга келади», — деди Румменигге RAN порталига берган интервьюсида.
«Бавария»нинг икки юлдузи «Олтин тўп»га даъвогар
Румменигге Кейн ва Олисени жаҳон даражасидаги футболчилар деб атаб, уларнинг ҳар иккиси ҳам «Олтин тўп» мукофотига даъвогарлар қаторида эканини таъкидлади.
««Бавария» сифатида ушбу мукофотга даъвогарлар орасида бирданига икки нафар футболчимиз борлигидан жуда хурсанд бўлишимиз мумкин.
Улар жаҳон даражасидаги футболчилар. Бундай ўйинчилар дарахтда ўсмайди», — деди у.
Шартномалар бўйича вазият
Гарри Кейннинг «Бавария» билан амалдаги шартномаси 2027 йилгача мўлжалланган.
Аввалроқ томонлар янги келишув бўйича деярли тўлиқ келишиб олгани хабар қилинган эди.
Кейн билан шартнома узайтирилганидан сўнг «Бавария» Майкл Олисе билан ҳам музокаралар ўтказишни режалаштирмоқда.
Франциялик футболчининг амалдаги шартномаси 2029 йилгача мўлжалланган бўлиб, мюнхенликлар уни муддатидан аввал узайтиришни истамоқда.













