Аргентина прокуратураси афсонавий футболчи Диего Марадона вафотидан олдин уни парвариш қилган тиббиёт ходимларини 12 йилгача озодликдан маҳрум этишни талаб қилди. Айблов томони тиббий жамоа тартибсиз ишлагани ва беморга зарур даражада ёрдам кўрсатмаганини таъкидламоқда, деб хабар берди Al Jazeera.
Марадона 2020 йил 25 ноябрь куни бош миясидаги қон лахтасини олиб ташлаш операциясидан кейин тикланаётган пайтида вафот этган. Унинг ўлими билан боғлиқ иш доирасида етти нафар тиббиёт мутахассиси 2026 йил апрель ойидан бери судланмоқда. Улар орасида футболчининг шахсий шифокори Леопольдо Лукке, психиатр, психолог, ҳамширалар ва тиббий ёрдамни мувофиқлаштирувчи мутахассислар бор. Улар тиббий ёрдам кўрсатишда жиддий қоидабузарликларга йўл қўйганликда айбланмоқда. Барча айбланувчилар ўз айбини инкор этмоқда.
Якуний нутқида прокурор Патрисио Феррари тиббий жамоа ишининг «тартибсиз ташкил этилгани» Марадонага ёрдамсиз ҳолда қолишига сабаб бўлганини айтди. Унинг таъкидлашича, бемор амалда ўз ҳолига ташлаб қўйилган.
Айблов томони тиббиёт ходимлари ўз вазифаларини бажармагани ва зарур чораларни кўрмаганини билдирмоқда.
Прокуратура энг оғир жазо — 12 йиллик қамоқ муддатини Марадонаснинг шахсий шифокори Леопольдо Лукке учун сўради. Қолган тиббиёт ходимлари учун эса тўрт йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси талаб қилинди.













