Ўзбекистон миллий футзал терма жамоаси бош мураббийи лавозимини саломатлиги билан боғлиқ муаммолар сабаб тарк этган испаниялик мутахассис Хосе Мария Мендес "Пулпис" Ўзбекистон футзал федерацияси президенти Бекзод Маматқулов номига мактуб йўллади.
Мендес ўз мактубида Ўзбекистондаги фаолиятини шартномада белгиланган муддатдан олдин якунлашга мажбур бўлаётганидан афсусда эканини билдирди.
"Ўзбекистон футзал федерациясининг ишончи ҳамда Сизнинг таклифингиз билан миллий терма жамоа бошқарувини катта умид ва эзгу ниятлар билан қабул қилган эдим.
Бироқ, мутлақо кутилмаганда соғлиғим билан боғлиқ жиддий муаммо туфайли шартномада белгиланган муддатдан анча олдин Ўзбекистондаги фаолиятимни якунлаётганимдан афсусдаман. Шифокорларнинг тавсияси ва талаби билан маълум муддат профессионал спортдан узоқлашишим ҳамда жиддий даволаниш курсини ўташим зарур", — дейилади мактубда.
Испаниялик мутахассис қисқа вақт давомидаги ҳамкорликни юқори баҳолаб, келгусида ҳам Ўзбекистон миллий терма жамоасини кузатиб боришини таъкидлади.
"Мен масофадан туриб бўлса-да, миллий терма жамоанинг бундан кейинги фаолиятини кузатиб, унга мухлислик қилиб бораман.
Ишончим комилки, сизлар албатта Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритасизлар. Биз ишонч билдирган йигитлар ўзбек футзали мухлисларига ҳали кўплаб қувончли ва унутилмас лаҳзаларни тақдим этади", — деб ёзди Мендес.
Шунингдек, у келгусида терма жамоанинг янги мураббийлар штабига зарур бўлса, маслаҳат ва ёрдам беришга тайёр эканини билдирди.
"Бўлажак мураббийлар штабига менинг ёрдамим ёки маслаҳатим керак бўлса, ҳамиша кўмак беришга тайёр эканлигимни маълум қилмоқчиман.
Мени тушунганингиз ва истеъфомни қабул қилганингиз учун Сизга яна бир бор миннатдорлик билдираман.
Сизга ҳамда ўзбек футзалига улкан зафар, муваффақият ва омад ёр бўлишини тилайман", — дея мактубини якунлаган Хосе Мария Мендес.













