Англия миллий терма жамоаси ҳужумчиси Гарри Кейн «Бавария» билан шартномасини узайтиришга яқин турибди. Хабарларга кўра, Мюнхен клуби ва футболчи янги келишув бўйича ўзаро муросага эришиш арафасида.
Маълумотларга кўра, 33 ёшли ҳужумчи янги шартнома бўйича ҳам йилига солиқлар ушлаб қолинмасдан аввал тахминан 25 миллион евро маош олишда давом этади. Бу унинг ҳозирги иш ҳақида жиддий ўзгариш бўлмаслигини англатади.
Режалаштирилаётган янги келишув 2029 йилгача мўлжалланган. Кейннинг амалдаги шартномаси эса 2027 йилда ўз якунига етади.
«Бавария» ва футболчи ўртасидаги музокараларда аллақачон сезиларли натижага эришилган. Хабар қилинишича, томонлар келишиб олиши керак бўлган атиги бир нечта масала қолган.
Яқинда Карл-Хайнц Румменигге Кейн Мюнхенда узоқ муддат қолишни хоҳлаётганини таъкидлаган эди.
Сўнгги маълумотлар ҳам Англия терма жамоаси сардорининг фаолиятини «Бавария»да давом эттириш эҳтимоли тобора ортиб бораётганини кўрсатмоқда.
Агар шартнома узайтирилса, Европанинг энг сермаҳсул ҳужумчиларидан бири яна бир неча мавсум Германия чемпиони шарафини ҳимоя қилишда давом этади.













