Қисқа масофага сузиш бўйича Жаҳон чемпиони, Европа чемпионатлари совриндори италиялик Альберто Рассетти Тошкентда ўтаётган Жаҳон Кубоги босқичида Ўзбекистон терма жамоаси сардори Элдор Шомуродов либосида стартга чиқди.
Рассетти 200 метрга комплекс усулда сузиш (барча йўналишларни ўз ичига олган дастур) баҳсида иштирок этди. У масофани 1 дақиқа 52,53 сонияда босиб ўтиб, тўртинчи ўринни эгаллади.
Мазкур йўналишда америкалик Шейн Касас 1:51,81 сония натижа билан ғолиб бўлди. Унинг ватандоши Карсон Фостер ғолибдан 0,40 сония ортда қолиб, иккинчи ўринни эгаллади. Канадалик Финлей Нокс эса ғолибдан 0,52 сония кечроқ маррага етиб келиб кучли учликка кирди.
Элдор Шомуродов фаолияти давомида Италиянинг “Женоа”, “Рома” ва “Кальяри” клубларида тўп тепган. Ҳозирда у Туркиянинг “Истанбул Башакшеҳир” жамоаси шарафини ҳимоя қилмоқда. 2026 йил ёзида ҳужумчи Ўзбекистон терма жамоаси сафида Жаҳон чемпионатида Конгога қарши баҳсда гуруҳ босқичининг энг чиройли голига муаллифлик қилган.
Шомуродов Ўзбекистон миллий жамоаси тарихидаги энг яхши тўпурар ҳисобланади — 47 та гол.
Маълумот учун, сузиш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Илья Сибирсев Тошкентда ўтаётган Жаҳон Кубоги босқичида дастлабки медалига эга чиққан эди. Эркаклар ўртасида 800 метр масофага эркин усулда кечган баҳсларда Сибирсев бронза медалига сазовор бўлди.
1. Лукас Хенво (Бельгия) – 7:37.83
2. Карсон Фостер (АҚШ) – 7:40.38
3. Илья Сибирцев (Ўзбекистон) – 7:40.77













