"Милан" клубининг хорватиялик ярим ҳимоячиси Лука Модрич ҳаётда амал қиладиган асосий тамойили ва ўзи учун энг муҳим деб ҳисоблайдиган инсоний фазилатлар ҳақида фикр билдирди.
Тажрибали футболчининг таъкидлашича, ҳар қандай вазиятда ижобий кайфиятни сақлаш ва атрофдагиларга ёрдам бериш унинг ҳаётий шиорига айланган.
"Менинг ҳаётдаги ўрним ва ёндашувим доимо ижобий кайфиятни сақлаш ҳамда атрофимдаги инсонларга ёрдам беришдан иборат бўлган.
Айниқса, кимдир оғир даврни бошдан кечираётганини кўрсам, у билан суҳбатлашишга, маслаҳат беришга ва қўллаб-қувватлашга ҳаракат қиламан.
Худди шу тамойилга бутун жамоа билан муносабатларда ҳам амал қилишга интиламан. Доимо ижобий руҳни сақлаш, имконият туғилганда ёрдам бериш ва бошқаларга яхши ўрнак бўлиш мен учун жуда муҳим.
Буни ўз меҳнатим, хулқ-атворим ва бошқа ҳаракатларим орқали кўрсатишга ҳаракат қиламан. Бир сўз билан айтганда, жамоанинг аҳил ишлаши ёки оиланинг фаровонлиги учун муҳим бўлган барча жиҳатларда намуна бўлишни истайман", — дея Модричнинг сўзларини келтиради Pianeta Milan нашри.
Эслатиб ўтамиз, Лука Модрич 2025 йилдан буён Италиянинг "Милан" клуби шарафини ҳимоя қилиб келмоқда.













