"Пахтакор" Элит чемпионлар лигаси 2-тури доирасида ўз уйида Саудия Арабистонининг "Ал-Қодисия" клубини қабул қилади. Мазкур ўйиндан аввал тошкентликлар мураббийи Эмилиан Карас матбуот анжуманида қатнашди.
"Чемпионлар лигаси Тошкентга қайтганидан хурсандмиз. Эртага ушбу кучли рақибни кутиб олаётганимиздан мамнунмиз. Мухлислар келиб, бизни янада кўпроқ қўллаб-қувватлайди, деб умид қиламиз. Рақиб жамоа таркибида Европа ва Жанубий Америкадан катта маблағ эвазига харид қилинган юқори савияли футболчилар жамланган. Уларда "Ливерпуль" ва "Селтик" каби клубларда ишлаган, катта номга эга жуда яхши мураббий бор. Яъни, жамоа жуда рақобатбардош. Ҳозирги босқичда улар иккинчи ўринда бормоқда ва менимча, пешқадам "Ал-Ҳилол" билан биргаликда чемпионатдаги энг яхши ўйинни кўрсатмоқда. Шундай бўлса-да, биз рақибни кутяпмиз ва эртанги ўйинга тайёргарлик кўряпмиз. Яхши ўйин кўрсатишга, энг муҳими, ижобий натижага эришишга ҳаракат қиламиз. Шундай ажойиб об-ҳавода барчани футболга, эртанги ўйинга йигитларимизни қўллаб-қувватлаш учун таклиф қиламиз.
Биз ўз мухлисларимиз қаршисида, ўз уйимизда ўйнаяпмиз. Олдинги рақибнинг ўз муаммолари бор эди. Ҳозирги рақибимиз эса жуда яхши ҳолатда, кетма-кет ғалабаларга эришди ва рақибларидан устунлик қилмоқда. Улар жуда яхши кўринишга эга. Айтишим мумкинки, ҳозирги рақибимиз энг яхши ўйин кўрсатаётган жамоалардан бири ҳисобланади. Улар олдинги рақибимиздан фарқли ўлароқ, бошқача схемада ҳаракат қилишади ва уларда кўпроқ бирга ўйнаб шаклланган, уйғунлашган таркиб мавжуд. Аммо бизнинг ҳам эртанги ўйин учун ўз режамиз бор ва ижобий натижага эришишга ҳаракат қиламиз.
Бизда икки нафар кучли, тенг кучга эга дарвозабон бор. Бу жуда яхши ҳолат, чунки уларнинг ўсишига ва ўзаро рақобатига ёрдам беради. Иккаласи ҳам эртанги ўйинга тайёргарлик кўрмоқда. Эртага ким майдонга тушишини ўйиндан олдин ҳал қиламиз.
Ҳар бир жамоанинг ўз кучли ва заиф томонлари бўлади. Ҳозир бирор нарсага алоҳида урғу бермоқчи эмасман, бу ҳақда ўйиндан кейин гапиришни афзал кўраман", — деди Карас.













