«Арсенал» ҳимоячиси Габриэл Магальяйнс жамоа бош мураббийи Микель Артета ҳақида илиқ фикрлар билдирди.
Яқинда испаниялик мутахассис Лондон клуби билан шартномасини 2030 йилнинг ёзига қадар узайтирган эди.
Габриэл Чемпионлар лигаси доирасида «Лилль»га қарши ўтказиладиган учрашув олдидан ташкил этилган матбуот анжуманида Артетанинг жамоага таъсири ҳақида гапирди.
«Микелга доимо миннатдорчилик билдираман. У мени ва бутун жамоани қандай руҳлантириши, ғалабага бўлган интилиши ҳамда курашчан руҳи билан барчамизга илҳом бағишлайди.
У бизга ўз кучимизга бўлган улкан ишончни беради. Шу туфайли ҳар бир ўйиндан завқ олиб, майдонда бор имкониятимизни ишга соламиз.
Артета биз билан бирга эканидан жуда хурсандмиз», — деди бразилиялик ҳимоячи.
Эслатиб ўтамиз, «Арсенал» 13 октябрь, сешанба куни УЕФА Чемпионлар лигаси доирасида ўз майдонида Франциянинг «Лилль» клубини қабул қилади.
Учрашув Тошкент вақти билан 14 октябрга ўтар кечаси соат 00:00 да бошланади.













