Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) президенти Жанни Инфантино 2024 йилда расмий равишда эълон қилинган маошидан ташқари 1 миллион доллардан ортиқ қўшимча даромад олган бўлиши мумкин.
Бу ҳақда Британиянинг The Times нашри ўз суриштирувига таяниб хабар берди.
Нашр маълумотига кўра, қўшимча тўловлар 2026 йилги жаҳон чемпионатини АҚШда ташкил этиш мақсадида тузилган FWC2026 US Inc. компанияси орқали амалга оширилган.
ФИФАнинг йиллик ҳисоботида Инфантино 2024 йилда 4,274 миллион Швейцария франки миқдорида даромад олгани кўрсатилган. Бироқ мазкур компания томонидан АҚШ Солиқ хизматига тақдим этилган декларацияда ФИФА президентига қўшимча 1,76 миллион доллар тўлангани қайд этилган.
Ушбу маблағлар халқаро федерациянинг расмий молиявий ҳисоботида акс эттирилмаган.
Маълум қилинишича, қўшимча тўловларнинг 626 минг доллардан ортиқ қисми Майами-Бичдаги Сансет оролларида, сув бўйида жойлашган ҳашаматли виллани ижарага олиш харажатларини қоплаш учун ажратилган бўлиши мумкин.
The Times таъкидлашича, ФИФА мазкур маълумотни тасдиқламаган. Шунингдек, ташкилот қўшимча тўловлар нима сабабдан йиллик ҳисоботда кўрсатилмаганига ҳам изоҳ бермаган.
Нашр манбаларининг билдиришича, 2025 ва 2026 йилларда ҳам Инфантинога шунга ўхшаш ёки бундан ҳам каттароқ миқдорда қўшимча маблағлар тўланган бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
Эслатиб ўтамиз, ФИФА 2016 йилдан буён ташкилот президенти ва бош котибининг маошлари ҳақидаги маълумотларни ҳар йили ошкор қилиш мажбуриятини ўз зиммасига олган.













