«Интер» бош мураббийи Кристиан Киву УЕФА Чемпионлар лигаси доирасида «Брюгге»га қарши ўтказиладиган учрашувда жамоа таркибида ўзгаришлар бўлишини тасдиқлади.
13 октябрь куни бўлиб ўтадиган баҳс олдидан ташкил этилган матбуот анжуманида румыниялик мутахассис айрим футболчиларнинг жисмоний ҳолати ва таркибни шакллантириш режалари ҳақида гапирди.
«Биз таркибга айрим ўзгаришлар киритамиз. Ҳоқон Чалҳонўғли ўзини яхши ҳис қилмоқда. У «Парма»га қарши учрашувдан кейин ҳеч қандай муаммога дуч келмади ва навбатдаги ўйинга тайёр», — деди Киву.
Шунингдек, мураббий мавсум бошида жисмоний ҳолати билан боғлиқ муаммоларга дуч келган Жед Спенснинг тикланиш жараёни ҳақида ҳам маълумот берди.
«У бир ҳафта давомида машғулотларда иштирок этди, шунингдек, шанба кунги учрашувда 25 дақиқа майдонда ҳаракат қилди. Кеча ҳам, бугун ҳам машғулотларда қатнашди.
Спенснинг жисмоний ҳолати тобора яхшиланмоқда. Мавсум бошидаги муаммолар туфайли юзага келган руҳий тушкунликни енгиб ўтаётганидан хурсандман. Ўйин амалиёти унга ишонч бағишлади ва зарур куч-қувват берди», — дея таъкидлади мутахассис.
Киву таркибдаги ротация футболчиларни асосий ва захира ўйинчиларига ажратишни англатмаслигини ҳам қайд этди.
«Гап биринчи ёки иккинчи танлов ҳақида кетаётгани йўқ. Бизда футболчилар гуруҳи бор ва улар орасидан рақиб ҳамда ўйинчиларнинг жисмоний ҳолатини ҳисобга олган ҳолда танлов қилишимиз керак.
Биз ҳар уч кунда майдонга тушяпмиз. Шу сабабли психологик жиҳатларни ҳам эътибордан четда қолдирмаслигимиз зарур.
Миллий терма жамоалари ихтиёрига бориб қайтган футболчиларнинг ҳолатига ҳам алоҳида эътибор қаратдим. Таркибни танлашда ҳисобга олиниши керак бўлган омиллар жуда кўп», — дея қўшимча қилди «Интер» устози.













