«Барселона» марказий ҳимоячиси Пау Кубарси Мадриднинг «Реал» клуби Ла Лига ўйинларидаги ҳакамликдан норози экани ҳақидаги фикрларини билдирди.
«Қаймоқранглилар»нинг «Вильярреал»га қарши сўнгги учрашувидан кейин яна бир жанжал келиб чиқди. Мадридликлар голли вазиятда Винисиус Жуниорнинг майдондан четлатилганидан норози бўлишди. Бразилиялик футболчи рақибининг сочидан тортган эди. Энди у дисквалификация сабабли «Эль-Класико»ни ўтказиб юбориши мумкин.
«Мен бу масалага унчалик эътибор қаратмайман. Мени кўпроқ ўзимиз таъсир кўрсата оладиган нарсалар — жамоамизнинг ўйини ва мухлисларимизга нима бера олишимиз қизиқтиради. Ташқаридан бўлаётган воқеалар, ростини айтсам, бизни унчалик қизиқтирмайди», — деди Кубарси Чемпионлар лигаси доирасида «Галатасарой»га қарши ўйин олдидан ўтказилган матбуот анжуманида.
25 октябрь куни «Барселона» ўз майдонида Мадриднинг «Реал» клубини қабул қилади.













