Мюнхеннинг «Бавария» клуби ҳали ҳам ўзининг энг яхши ўйинини намойиш эта олмаяпти. Жамоа «Викинг»га қарши учрашувда 0:2 ҳисобидаги мағлубиятли вазиятдан чиқиб, ҳисобни ўз фойдасига ўзгартиришга муваффақ бўлди, аммо якунда 3:3 ҳисобидаги дурангга рози бўлишга мажбур бўлди.
Германия футболи афсонаси Лотар Маттеус BILD нашрининг «Lothar legt los» дастурида «Бавария»нинг ўйинидан норози эканини билдирди.
«Албатта, бундай натижа сизни хафа қилади. «Бавария» мухлиси сифатида ҳам, халқаро мусобақаларда немис жамоасига мухлислик қиладиган Германия ишқибози сифатида ҳам бундан ранжийсиз», — деди Маттеус.
Германиянинг энг кўп чемпионликка эришган клуби «Шальке» ва «Аугсбург»га қарши учрашувларда ҳам очко йўқотган эди.
Маттеус жамоа ўйинида мунтазам такрорланаётган муаммони кўрсатиб ўтди.
«Ҳозир менга чуқур ҳимояланадиган жамоаларга қарши ўйинда ўзига хос ғоя, ижодкорлик етишмаяпти. Бундай ҳолат Бундеслигада ҳам кузатилган.
«Шальке»га қарши ўйинда шундай бўлди, «Аугсбург» билан баҳсда ҳам қисман худди шу муаммо кўзга ташланди. Ҳужумда гол уриш учун ҳал қилувчи ечим топилмади», — деди у.
65 ёшли мутахассисни «Бавария»нинг ҳимоядаги ҳаракатлари ҳам ташвишга солмоқда.
«Шунга қарамай, айниқса ҳисоб 2:0 бўлган пайтда жамоанинг заиф томони қаерда эканини яққол кўриш мумкин эди.
Тўп йўқотилганидан кейин ҳимояга ўтишдаги суст ҳаракатлар, орқа чизиқда етарли суғуртанинг йўқлиги — асосий муаммолар шулар», — дея таъкидлади Маттеус.













