"Манчестер Юнайтед"нинг собиқ ярим ҳимоячиси Андер Эррера Англия клубини тарк этишига сабаб бўлган воқеаларни эслади.
Испаниялик футболчининг айтишича, у мавсум якунларига кўра жамоанинг энг яхши ўйинчиси деб топилганидан сўнг клуб раҳбарияти билан янги шартнома борасида музокара ўтказишни кутган. Бироқ бунинг ўрнига унга амалдаги келишув автоматик тарзда яна бир йилга узайтирилгани ҳақида хат юборилган.
"Клубнинг ўзи мен билан боғланишини кутгандим. Агентимга: "Улар қандай шартлар таклиф қилишидан қатъи назар, мен рози бўламан. Шартномани имзолайман, чунки "Манчестер Юнайтед"да қолишни хоҳлайман. Бу ерда ўзимни жуда бахтли ҳис қиляпман", — дегандим", — дея Эррера Rio Ferdinand Presents подкастида сўзлаб берди.
Бироқ клуб раҳбариятининг муносабати футболчининг ҳафсаласини пир қилган.
"Улар ҳатто қўнғироқ қилиб: "Андер, биз сенинг жамоада қолишингни хоҳлаймиз", — деб ҳам айтишмади. Бунинг ўрнига оддийгина хат юборишди.
Хатни олганимда: "Бўлди, менга шуниси етарли", — деб ўйладим. Ўша пайтда юрагим аллақачон бироз синган эди", — деди испаниялик футболчи.
Эслатиб ўтамиз, Андер Эррера "Манчестер Юнайтед" сафида беш йил фаолият юритиб, жамоа билан тўртта совринни қўлга киритган. Улар орасида Англия кубоги ҳам бор.
2019 йил ёзида испаниялик ярим ҳимоячи эркин агент мақомида "Манчестер Юнайтед"ни тарк этиб, Франциянинг "ПСЖ" клубига ўтган эди.













