Италия кубогида жиддий ўзгаришлар рўй бериши мумкин. Бу ҳақда La Gazzetta dello Sport нашрига таяниб, fcinter1908.it хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, А Серияси раҳбарияти мусобақа форматини ўзгартириш имкониятини кўриб чиқмоқда. Ушбу масала 2027/28 йилги мавсумдан бошлаб амалга оширилиши мумкин бўлган ислоҳотлар доирасида муҳокама қилинмоқда.
«А Серияси мусобақани ислоҳ қилиш вариантларини ўрганмоқда. Клублар иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда телевизион трансляция ҳуқуқларини сотиш бўйича янги тендер арафасида Италия Кубоги форматига киритилиши мумкин бўлган ўзгаришлар муҳокама қилинди», — дейилади хабарда.
Ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад — мусобақа иштирокчилари сонини кўпайтириш. Жумладан, Италиянинг учинчи дивизиони — С Сериясидан турнирда қатнашадиган жамоалар сонини ошириш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, мусобақанинг аввалги форматига қайтиш, яъни дастлабки гуруҳ босқичини жорий этиш масаласи ҳам муҳокама қилинмоқда.
Бундай тизим охирги марта 2004/05 йилги мавсумда қўлланган. Кейинчалик эса ҳозирги формат жорий этилган бўлиб, унда мусобақа дастлабки босқичларданоқ мағлуб бўлган жамоа турнирни тарк этадиган тизим асосида ўтказилади.













