Ўзбекистоннинг биринчи рақамли гроссмейстери Жавоҳир Синдоровнинг бобоси Комил Синдоров ҳамда қозоғистонлик шахматчи Бибисора Ассаубаеванинг никоҳ тўеи қачон ўтказилиши ҳақида гапирди.
Ўзбекистон шахмат федерацияси раиси ўринбосари бу ҳақда “Қароргоҳ” подкастида айтиб ўтди. У ёш шахматчиларнинг оила қуриши икки халқни бирлаштирувчи восита эканини таъкидлади:
“Агар ёшлар шундай фикрга келса, мен қарши эмасман, оқ фотиҳа бераман. Биз оилавий шундай фикрдамиз. Бундан тўғри жавоб бўлмаса керак. Улар болалигидан бери кўплаб мусобақаларда бирга иштирок этган, ўй-фикри, дунёқарашлари бир хил. Бибисора ҳам Қозоғистоннинг фахри, гроссмейстер, бир неча карра Жаҳон чемпиони. Бу никоҳ, биринчидан, икки халқни бирлаштирувчи восита. Ушбу мавзуда Жавоҳир билан кўп суҳбатлашганмиз. Биз томонимиздан ҳар хил фикрлар билдирилган. Унга ўйлаб кўришини, бу балки ёшлик қизиқиши бўлиши мумкинлигини айтганмиз. Йўқ, улар бир неча йилдан бери муносабатларини давом эттириб келяпти. Дўстона муносабатлар аста-секин муҳаббатга айланди. Ҳозир Жавоҳир учун буни ўйлайдиган вақт эмас. У Жаҳон шахмат тожини Ўзбекистонга олиб келса, албатта, бу масалани муҳокама қиламиз. Тўй бўлади, бундан жуда кўп нарса кутяпмиз”.
Комил Синдоров ушбу никоҳ ҳар томонлама маъқул ва қулай эканини яширмади:
“Агар биз Жавоҳирни бошқа қизга уйлантирсак, у шахмат оламини тушунмаса, бу ҳам бир муаммо. У йилнинг 11 та ойида хорижда мусобақаларда иштирок этади. Оиласи у билан бирга юриши керак, қизиқмаган одам учун бу жуда катта қийинчилик туғдиради. Шунинг учун бу бизга ҳар томонлама маъқул ва қулай. Унинг (Бибисора Ассаубаева) қўшни Қозоғистондан бўлгани иккита биродар халқни бир-бирига яқинлаштиради. Бибисоранинг келиши — албатта, ўз хоҳишига кўра — Ўзбекистон шахмати ривожи учун фойда бўлади. Миллат ва ватан манфаати бизнинг шахсий ҳамда оилавий манфаатимиздан устун”.
Маълумот учун, Жавоҳир Синдоров Ўзбекистон тарихида мутлақ Жаҳон чемпионлиги учун баҳсда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган илк шахматчи ҳисобланади. У 2026 йил 22 ноябрдан 13 декабргача Швейцариянинг Женева шаҳрида Жаҳон шахмат тожи учун амалдаги чемпион, ҳиндистонлик Гукеш Доммаражуга қарши дона суради.
Жаҳон чемпионати 14 та классик партиядан иборат бўлиб, 7,5 очко жамғарган шахматчи чемпионлик унвонини қўлга киритади. Агар асосий баҳсда ҳисоб тенг келса, ғолиб тай-брейк орқали аниқланади. Турнир ғолиби 1,3 миллион доллар, финалчи эса 1,2 миллион доллар миқдоридаги мукофот пулига эга бўлади.
Жавоҳир Синдоров FIDE онлайн рейтингида бир поғона кўтарилиб, дунёнинг 3-рақамли шахматчисига айланганди.
Аввалроқ Бибисора Ассаубаева ўзининг Telegram каналида обуначиларидан бирининг Жавоҳир Синдоров билан қачондан бери учрашиб юргани ҳақидаги саволига жавоб берган ва ўша пайтда унинг рейтинги ҳали 2700 га етмаганини маълум қилган эди.













