Ўзбекистон ХХII миллий чемпионати охирлаган сари муросасиз учрашувлар сони кўпаймоқда. Жамоаларнинг эгаллаб турган ўринларидан қатъий назар ўзаро учрашувлар қизиқарли курашларга ва кутилмаган натижаларга бой бўлмоқда. Зоминда ўтказилган “Сўғдиёна” – “Металлург” учрашуви натижасини ҳам бу рўйхатга киритса бўлади.
Олий лигада жон сақлашга уринаётган жиззахликлар учун ўз майдонларидаги ҳар бир учрашув ҳаёт-мамот ўйинига айланиши табиий. “Сўғдиёна” – “Металлург” учрашуви ҳам бундан мустасно бўлмади. Олтинга тенг 3 очко илинжида бўлган жиззахликлар дастлабки дақиқаларданоқ то ўйин охиригача учрашувни ҳужумкор руҳда ўтказишди. “Металлург” эса ўз ўйинини мезбонларнинг тазйиқини бартараф этиб, қарши ҳужум тактикаси асосида ташкил этди. Бу тактика ўз самарасини бераётганди. Биринчи таймда ҳисоб очилмагач, иккинчи 45-дақиқаликни ҳам мезбонлар ҳимояни унутган ҳолда ҳужумга ташланиш билан бошлашди. Бекободликлар эса мезбонларнинг “штурми”ни хотиржамлик билан бартараф этиб, 55-дақиқада ажойиб қарши ҳужумни ташкил этишди. Руслан Вагаповнинг ўнг қанотдан жарима майдончасига етказиб берган тўпини Суннатилла Мамадалиев тўхтатмасдан рақиб дарвозасига йўллади ва ҳисобни очди.
Воқеаларнинг бундай тус олишини кутмаган Даврон Файзиев майдонга янги кучларни ташлади. Айнан захирадан майдонга тушган футболчилар мезбонларга ғалабани тортиқ этишди. Бунга эса қанот ҳаками Раҳим Ғопуров ҳам ўзининг “беғараз” улушини қўшди. 72-дақиқада Ринат Байрамов “Металлург” ҳимоячиларидан камида 3-4 метр олдинда – яққол офсайдда тўпни қабул қилиб олган бўлса-да вазиятни кўрмаганликка олди. тажрибали Байрамов эса бу “совға”дан жон деб фойдаланди ва ҳисобни тенглаштирди. “Металлург” ўйинчиларининг эътирозлари инобатга олинмагач, футболчилар бироз асабийлашишди. Улар ўзларига келиб улгуришмасидан Байрамов ғалаба тўпини ҳам киритишга муваффақ бўлди.
Бироқ бундай ўйин билан “Сўғдиёна” олий лигадаги мавқеини сақлаб қола оладими-йўқми айтиш қийин. “Металлург” эса мазкур мағлубиятдан сўнг мусобақа жадвалида бир поғона пастлади.
«Сўғдиёна» (Жиззах) – «Металлург» (Бекобод) – 2:1.
“Зомин” стадиони. 2955 томошабин. 21-тур, 5 октябрь.
Ҳакамлар: Б.Намозов (Тошкент), У.Каримов (Андижон), Р.Ғапуров (Наманган), А.Раҳимов (Андижон)
Назоратчи ҳакам: Р.Айтеков (Тошкент).
Комиссар: А.Фролов.
«Сўғдиёна»: 1. Александр Меленчук, 3. Илҳом Комилов, 4. Асилжон Бегимқулов, 6. Муроджон Тошматов (14. Ринат Байрамов, 46), 10. Зафар Нарзиқулов (11. Нодирбек Иброҳимов, 69), 17. Санжар Рашидов (21. Акмал Абдураҳмонов, 56), 18. Суҳроб Бердиев, 23. Бобир Қосимов, 24. Элёр Орипов, 41. Аюбхон Нишонов, 42. Маъруфжон Муродов.
Захирадагилар: 16. Ширинбой Абдуллаев, 2. Жавадулло Ибрагимов, 8. Ботиржон Каримжонов, 25. Сардор Қаҳҳоров.
«Металлург»: 32. Суҳробжон Султонов, 4 Ҳикмат Ҳошимов, 6. Дилмурод Каримов, 7. Дониёр Одилов (5. Умидбек Тожимов, 46), 8. Суннатилла Мамадалиев, 9. Шаҳзодбек Нурматов (3. Саидкомил Акбаров, 66), 14. Давронбек Каримқулов, 17. Нозимжон Эсонов, 19. Руслан Вагапов, 20. Мирғиёс Сулаймонов (15. Алишер Зиёвуддинов, 46), 27. Муроджон Тўйчибоев.
Захирадагилар: 35. Раҳимжон Раҳмонбердиев, 10. Шоҳназар Норбеков, 24. Жасур Бобоев, 25. Жасур Аҳмедов.
Голлар: С.Мамадалиев (55), Р.Байрамов (72, 84).
Огоҳлантириш: С.Бердиев («Сўғдиёна», 19).
Энг яхши ўйинчилар: Р.Байрамов – С.Мамадалиев.