"Пахтакор" футбол клуби "Навбаҳор"га қарши учрашувдаги ҳакамлик қарорларидан норози бўлиб, бош ҳакам Ильгиз Танташев юзасидан расмий эътироз билдирди.
Тошкент клуби раҳбарияти баҳсли вазиятларни ўрганиш учун тегишли даъво аризаси киритганини маълум қилди. Шунингдек, ҳакамлик қарорлари таҳлил қилинган видеоматериал тайёрланиб, оммавий ахборот воситаларидан масалани кенг ёритиш сўралди.
"Пахтакор" қайси вазиятлардан норози?
Клуб баёнотида таъкидланишича, учрашув бошиданоқ икки жамоа футболчиларига нисбатан интизомий чоралар бир хил мезонлар асосида қўлланмаган.
Хусусан, "Навбаҳор" футболчилари Георгий Жгереная, Муҳаммадқодир Ҳамралиев ва Ваня Иличнинг қўпол ҳаракатларига ҳакам етарлича муносабат билдирмагани иддао қилинмоқда.
"Пахтакор" вакилларининг фикрича, Ваня Илич 8-дақиқадаёқ кетма-кет икки қоидабузарлиги учун иккинчи сариқ карточкани олиб, майдондан четлатилиши керак эди. Бироқ футболчи илк огоҳлантиришини фақат 58-дақиқада олган.
Шу билан бирга, 31- ва 35-дақиқаларда тошкентликлар футболчилари Дилшод Саитов ҳамда Сардор Собирхўжаев нисбатан енгил қоидабузарликлар учун сариқ карточка билан жазолангани таъкидланган.
Клуб бундай ҳолатни "Нефтчи"га қарши бўлажак учрашув олдидан жиддий сигнал сифатида баҳоламоқда.
Пенальти ва ВАР қарорлари ҳам эътирозга сабаб бўлди
"Пахтакор" ўз дарвозасига белгиланган пенальтининг IFAB қоидаларига мувофиқлигига шубҳа билдирган.
Шунингдек, клуб Сардор Собирхўжаев ва Фламарионга нисбатан рақиб жарима майдончасида содир этилган деб ҳисоблаётган қоидабузарликлар ҳакам эътиборидан четда қолганини қайд этган.
Баёнотда айтилишича, ВАР ҳаками Фирдавс Норсафаровнинг тавсия ва мулоҳазаларига қарамай, Ильгиз Танташев пенальти бўйича ўз қарорини ўзгартирмаган.
Клуб аввалги ҳакамлик қарорларини ҳам эслади
"Пахтакор" раҳбарияти 18 сентябрь куни ўтказилган "Навбаҳор" — "Динамо" учрашувидаги баҳсли вазиятларга ҳам эътибор қаратди.
Ўша баҳсда Танташев ВАР ҳаками вазифасини бажарган ва қизил карточка билан боғлиқ эпизод юзасидан эътирозлар юзага келган эди. Клубнинг билдиришича, мазкур ҳолат бўйича қандай чора кўрилгани жамоатчиликка очиқ маълум қилинмаган.
Бундан ташқари, Эркиновнинг голи олдидан офсайд чизиғи қандай асосда белгилангани ҳам алоҳида текширилиши талаб қилинмоқда.
Баёнотда ҳакамлар Санжар Шоюсупов ва Равшан Абдувоҳидовга нисбатан қўлланилган чоралар масаласи ҳам кўтарилган.
Клуб маълумотига кўра, ҳар икки ҳакам мавсум охиригача четлатилган бўлса-да, Шоюсупов кейинги учта учрашувда қанот ҳаками сифатида ишлаган, шунингдек, "Сурхон" иштирокидаги баҳсда АВАР вазифасини бажарган. Абдувоҳидов эса майдонда ҳакамлик қилмаган.
"Пахтакор" ушбу фарқнинг сабабларига расмий изоҳ берилишини истамоқда.
"Пахтакор" шаффоф текширув талаб қилмоқда
Тошкент клуби ҳакамларни асоссиз айблаш нияти йўқлигини, бироқ баҳсли қарорлар ва интизомий чоралардаги тафовутлар холис ўрганилиши шартлигини таъкидлаган.
Раҳбарият ҳакамларнинг мавсум давомидаги фаолияти, учрашувларга тайинланиши ва баҳсли эпизодлардан кейин қабул қилинган қарорлар очиқ таҳлил қилинишини талаб қилмоқда.
Шунингдек, клуб аввалги ҳакамлик муаммолари ортидан бош ҳомийсидан айрилганини эслатиб, шунга қарамай сўнгги икки мавсумда Осиё Чемпионлар лигаси Элит мусобақасида муносиб иштирок этиб келаётганини билдирган.
"Пахтакор"нинг асосий талаби — футболда адолатли ҳакамликни таъминлаш, барча баҳсли ҳолатларга бир хил мезонлар асосида баҳо бериш ва қабул қилинган қарорлар юзасидан шаффофликни кучайтириш.













