«Борнмут» ярим ҳимоячиси Алекс Скотт 2027 йилда жамоасини ўзгартириши мумкин. Англиялик футболчига Премьер-лиганинг бир қатор етакчи клублари қизиқиш билдирмоқда.
The Touchline нашри таниқли инсайдер Фабрицио Романога таяниб хабар беришича, «Борнмут» раҳбарияти 23 ёшли футболчи учун молиявий жиҳатдан манфаатли таклиф тушса, уни сотиш имкониятини кўриб чиқишга тайёр.
Скоттга ўтган ёзда ҳам бир нечта клуб қизиқиш билдирган эди. Бироқ ўшанда «Борнмут» асосий футболчиларидан бири билан хайрлашишни истамаган.
Эндиликда вазият ўзгариши мумкин. Маълумотларга кўра, ярим ҳимоячининг трансфери учун асосий даъвогар «Челси» ҳисобланмоқда. Шунингдек, Англия Премьер-лигасининг бошқа грандлари ҳам футболчи атрофидаги вазиятни диққат билан кузатиб боришмоқда.
Алекс Скоттнинг бозор қиймати Transfermarkt портали томонидан 70 миллион еврога баҳоланган.
Қайд этиш жоиз, «Борнмут» етакчиси сентябрь ойи охирида Англия миллий терма жамоаси сафида дебют қилишга ҳам улгурди.













