"Бавария" ҳимоячиси Жонатан Та Чемпионлар лигасида "Арсенал"га қарши ўтказиладиган учрашув олдидан лондонликлар ҳужумчиси Кай Хаверцнинг маҳоратига юқори баҳо берди.
Германиялик футболчилар аввалроқ "Байер" сафида бирга тўп суришган. Та собиқ жамоадошини ўн йилдан буён яхши танишини таъкидлаб, унинг имкониятлари ҳали ҳам етарлича қадрланмаётганини билдирди.
"Кай билан ўн йилдан бери яқин дўстмиз. У ажойиб инсон ва жуда кучли футболчи. Менимча, унинг салоҳияти ҳали ҳам етарлича баҳоланмаяпти.
Ҳаверц ўзига муносиб эътирофни оляпти, деб ўйламайман", — деди Та Times Sport нашрига берган интервьюсида.
Шунингдек, "Бавария" ҳимоячиси "Арсенал"нинг жамоавий ўйини ҳақида ҳам фикр билдирди. Унинг таъкидлашича, лондонликлар ўзига хос футбол услубини шакллантирган ва ўтган мавсумда уларга қарши баҳс олиб бориш анча мураккаб бўлган.
Та Мюнхен клуби бош мураббийи Венсан Компани билан ҳамкорлик унинг шахсий ривожланишига катта таъсир кўрсатганини ҳам қайд этди.
Унинг сўзларига кўра, бельгиялик мутахассис нафақат ҳимоядаги ҳаракатлар, балки етакчилик фазилатлари, шахсий ўсиш ва футболни майдон ташқарисида ҳам чуқур англашга алоҳида эътибор қаратади.
Жонатан Та Компани қўл остида ишлаш унинг ҳимоячи сифатида янада такомиллашишига ёрдам берганини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, "Бавария" ва "Арсенал" ўртасидаги Чемпионлар лигаси учрашуви 21 октябрь, чоршанба куни бўлиб ўтади.













