Мадриднинг «Реал» клуби ҳужумчиси Килиан Мбаппе Франциянинг «Лилль» жамоасида тўп сураётган укаси Этан Мбаппенинг имкониятлари ва келажаги ҳақида фикр билдирди.
«Этан мендан кўра кўпроқ эътирофга лойиқ. У фаолиятимнинг бошида мен дуч келмаган босим остида ўйнамоқда.
У ҳали ўзини намойиш этиш имкониятига эга бўлмасиданоқ, одамлар уни баҳолашни бошлашган.
Этанда ажойиб футболчилик фаолиятини қуриш учун барча имкониятлар бор», — деди Килиан Мбаппе Onze Mondial нашрига берган интервьюсида.
19 ёшли Этан Мбаппе жорий мавсумда барча мусобақалар доирасида 7 та учрашувда майдонга тушиб, 1 та гол урган ва 1 та голли узатмани амалга оширган.
Transfermarkt портали маълумотларига кўра, вингернинг бозор қиймати 12 миллион еврони ташкил этади.













