Мадриднинг «Реал» клуби бош мураббийи Жозе Моуриньо Чемпионлар лигасида «РБ Лейпциг» устидан қозонилган ғалабадан кейинги матбуот анжуманида Винисиус Жуниор ҳақидаги саволга жавоб берди.
— Винисиус бироз хафадек кўринмоқда. У ўзини қандай ҳис қиляпти? Ҳозир унга мухлисларнинг қўллаб-қувватлаши ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ керакми?
«Хафа... Винисиус хафами ёки йўқми, бу жуда шахсий масала. Сизда бу борада ўз фикрингиз бўлиши мумкин, аммо аслида нималарни ҳис қилаётганини фақат унинг ўзи билади.
Мен унинг ўйинидан мамнунман. Ундан доим кўпроқ нарса кутишади, яъни вазиятларни якка ўзи ҳал қилишини хоҳлашади. Аммо бугун унинг ҳаракатлари менга ёқди.
Уч нафар ҳужумчимиз орасида айнан Винисиус ҳимояда энг кўп ишлашга мажбур бўлди. Чунки рақибнинг ўнг қанот ҳимоячиси мунтазам равишда марказга, чизиқлар орасидаги ҳудудга ўтиб ҳаракат қилди. Вини ҳимояда жуда яхши ишлади. Фақат бир марта тўп марказий ҳудудга ўтиб кетди.
Ҳужумда эса у ҳар доим ҳам рақибини алдаб ўта олмаган бўлса-да, мувозанатли ҳаракат қилди ва тўпни йўқотмади. Унда ажойиб имконият ҳам бўлди, аммо дарвозабон чиройли сейвни амалга оширди.
Винисиуснинг алмаштирилишига келсак, бу мен унинг ўйинидан норози бўлганимни англатмайди. Шунчаки, бизда кучли захира ўриндиғи бор. Ўйин суръатини ўзгартириш учун Диоманде ёки Эндрик каби футболчиларни майдонга туширишим мумкин.
Бунга кўникишингизга тўғри келади. Мен яхши ўйнаётган футболчини алмаштириб, унинг ўрнига ўйинга бошқача жиҳат олиб кира оладиган бошқа футболчини туширадиган ҳолатлар тез-тез бўлиб туради.
Саволингизни тушунаман. Ҳа, менимча, Винисиус ҳар бир инсоннинг қўллаб-қувватлашига муҳтож.
Футболчи сафарда майдонга тушиб, ўзига қаратилган ҳуштакбозликни эшитса, бу кўпинча унга қўшимча мотивация бериши мумкин. Аммо бундай ҳолат ўз майдонингда юз берса... бу оғриқли», — дея Моуриньонинг сўзларини келтиради «Газета.Ru».
«Реал»ни олдинда «Барселона»га қарши «Эл-Класико» кутмоқда. Учрашув 25 октябрь куни «Камп Ноу» стадионида бўлиб ўтади.













