"Манчестер Сити"нинг собиқ ҳимоячиси Кайл Уокер клуб билан боғлиқ татуировкаларини ўчириши мумкинлиги ҳақида тарқалган хабарларга муносабат билдирди.
Аввалроқ матбуотда футболчи "шаҳарликлар" молиявий қоидаларни бузгани учун кетма-кет қўлга киритган тўртта чемпионлик унвонидан маҳрум этилса, ушбу ютуқларга бағишланган татуировкасини ўчириши мумкинлиги ҳақида гапиргани хабар қилинган эди.
36 ёшли футболчи ижтимоий тармоқдаги саҳифасида баёнот бериб, бу маълумотларга ойдинлик киритди.
"Бугун тарқалган, одамларни чалғитиши мумкин бўлган сарлавҳаларга аниқлик киритмоқчиман. Менда ҳеч қачон "Манчестер Сити"га бағишланган татуировкаларимни ўчириш нияти бўлмаган.
"Сити"да ўтказган даврим фаолиятимнинг энг муҳим қисмларидан бири бўлиб қолади. Мен бу йиллар билан доимо ниҳоятда фахрланаман.
Ажойиб жамоадошларим, клуб ходимлари ва, албатта, бутун фаолиятимиз давомида бизни қўллаб-қувватлаган "Манчестер Сити" мухлислари билан биргаликда унутилмас лаҳзаларни бошдан кечирдим.
Бу хотиралар мен билан абадий қолади. Татуировкаларим ҳам худди шундай", — деб ёзди Уокер.
Айни пайтда 36 ёшли Кайл Уокер Англиянинг "Бёрнли" клуби шарафини ҳимоя қилмоқда. Жамоа Чемпионшипда иштирок этмоқда.













