«Барселона» Чемпионлар лигасидаги ҳимоявий муаммоларини бартараф эта олмаяпти. Каталония клуби Европанинг энг нуфузли клуб мусобақасида кетма-кет 18 та учрашувдан буён ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қола олмаяпти.
Ханс-Дитер Флик шогирдлари Чемпионлар лигаси умумий босқичининг 3-турида «ПСЖ»га 2:4 ҳисобида мағлуб бўлди. Бу каталонияликлар учун жорий мавсумдаги илк мағлубият бўлди.
Мазкур учрашувга қадар «Барселона» барча мусобақалар доирасида ўтказилган 11 та ўйиннинг барчасида ғалаба қозонганди. Жамоа ушбу баҳсларда рақиблар дарвозасига 48 та гол уриб, ўз дарвозасидан 11 та тўп ўтказиб юборган.
Бироқ Париждаги учрашувда каталонияликлар бир ўйиннинг ўзида тўртта гол ўтказиб, мавсумдаги илк мағлубиятини қабул қилиб олди.
Эътиборлиси, «Барселона» Чемпионлар лигасидаги сўнгги 18 та учрашувнинг бирортасида ҳам ўз дарвозасини голдан сақлай олмаган.
Яна бир хавотирли жиҳат шундаки, ушбу 18 та ўйиннинг 7 тасида Каталония клуби камида учтадан гол ўтказиб юборган.
Мазкур статистика «Барселона»нинг ҳимоя чизиғидаги муаммолар долзарблигича қолаётганини кўрсатмоқда.













