«ПСЖ» футболчилари 26 октябрь куни Лондонда бўлиб ўтадиган «Олтин тўп» мукофотини топшириш маросимида иштирок эта олмаслиги мумкин.
Нуфузли индивидуал соврин учун бу йил 30 нафар футболчи номзоди илгари сурилган бўлиб, уларнинг 10 нафари Париж клуби шарафини ҳимоя қилади.
Бироқ Франция чемпионати тақвимидаги ўзгаришлар сабаб парижлик футболчиларнинг Лондонга бориш имконияти қолмади.
Жума куни Франция Профессионал футбол лигаси «ПСЖ» ва «Лион» ўртасидаги 8-тур учрашуви 25 октябрь, якшанба оқшомидан 26 октябрь, душанба оқшомига кўчирилганини расман эълон қилди.
Шу тариқа, мазкур баҳс «Олтин тўп»ни топшириш маросими билан бир кунга тўғри келиб қолди. Натижада «ПСЖ» футболчилари Лондондаги тантанали тадбирда қатнашиш имкониятидан маҳрум бўлмоқда.
Назарий жиҳатдан жароҳат олган Хвича Кварацхелия маросимга бориши мумкин. Бироқ грузиялик вингер яқинда тиззасидан жиддий шикаст олган ва айни пайтда мураккаб жарроҳлик амалиётига тайёргарлик кўрмоқда.
Шу сабабли Кварацхелиянинг ҳам тақдирлаш маросимида иштирок этиши эҳтимоли жуда паст.













