Мадриднинг «Реал» клуби ҳужумчиси Килиан Мбаппе Хитойдаги видеоўйинлар саноатида санкцияларга дуч келди. FC Online ва PES ўйинларининг Хитойдаги версиялари нашриётчилари футболчига алоқадор барча ўйин контентларини тўлиқ олиб ташлашга қарор қилганини маълум қилди. Бу ҳақда Footmercato хабар берди.
Чекловлар ўйин ичидаги карточкалар, ҳужумчининг рақамли моделлари ва унинг иштирокидаги барча реклама материалларига тааллуқли бўлади. FC Online ишлаб чиқувчилари футболчини ўйиндан чиқариб ташлайдиган махсус янгиланиш тайёрланаётганини аллақачон маълум қилишган.
«Спорт миллий чегаралардан ташқарига чиқади, аммо ўзаро ҳурмат ҳар доим бўлиши шарт», — дея PES нашриётининг расмий муносабатини келтирди Footmercato.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Килиан Мбаппе ўзининг севимли меми ҳақида гапириб, унда ўзи «хитойлик диктатор қиёфасида» тасвирланганини айтганди. Футболчи бу орқали Мао Цзэдунни назарда тутган. Ушбу гаплар Хитойда салбий муносабатга сабаб бўлган.













