"Барселона" клуби "Атлетико" ҳужумчиси Хулиан Альварес билан боғлиқ иш юзасидан Испания Қироллик футбол федерацияси қабул қилган қарорга эътироз билдиришга тайёрланмоқда.
Аввалроқ каталонияликлар мадридликлар розилигисиз аргентиналик футболчи билан музокара олиб боргани учун 602 евро миқдорида жаримага тортилган эди.
Инсайдер Фабрицио Романо El Chiringuito TV маълумотларига таяниб хабар беришича, "Барселона" федерациянинг ушбу қарорини адолатсиз деб ҳисобламоқда ва яқин вақт ичида апелляция тақдим этишни режалаштирган.
Эслатиб ўтамиз, Каталония клуби ёзги трансферлар даврида Альваресни ўз сафига қўшиб олишга ҳаракат қилган. Аргентиналик ҳужумчининг ўзи ҳам "Барселона"га ўтишга қарши бўлмаган, бироқ "Атлетико" раҳбарияти трансферга рухсат бермаган.
Хулиан Альварес жорий мавсум барча мусобақалар доирасида 9 та учрашувда майдонга тушиб, 2 та гол урди ва 2 та голли узатмани амалга оширди.













