Мадриднинг “Реал” клуби яримҳимоячиси Арда Гюлер жамоа бош мураббийи Жозе Моуриньо учун энг муҳим ва “тегиб бўлмас” футболчилардан бирига айланиб улгурган. Бу ҳақда Испаниянинг Marca нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, 21 ёшли туркиялик иқтидор эгаси “қаймоқранглилар”нинг “дахлсиз” (алмаштириб бўлмайдиган) ўйинчилари рўйхатидан мустаҳкам жой олган. Эндиликда унинг номи жамоа етакчилари — Федерико Вальверде, Жуд Беллингем ҳамда Килиан Мбаппе каби юлдузлар қаторида тилга олинмоқда. Қайд этилишича, португалиялик мутахассис ўйин тақдири тўлиқ ҳал бўлмагунига қадар туркиялик футболчини майдондан олмайди.
Гюлернинг жамоада нақадар муҳим рол ўйнаётганига яқинда Каталониянинг “Барселона” клубига қарши ўтган “Эл-Класико” (2:1) ҳам яққол мисол бўла олади. Ушбу учрашувда Арда жорий мавсумда илк бор захирага олинмасдан тўлиқ 90 дақиқа ҳаракат қилди ва мадридликларнинг ғалабасида муҳим футболчига айланди, дейилади манбада.
Маълумот учун, Гюлер 2023 йилдан бери “Реал” шарафини ҳимоя қилиб келади. Яримҳимоячи жорий мавсум клуб таркибида жами 10 та учрашувда иштирок этиб, ўз ҳисобига 2 та гол ва 3 та голли узатма ёздириб қўйган. Унинг клуб билан шартномаси 2029 йилнинг июнь ойига қадар амал қилади. Transfermarkt портали туркиялик футболчининг бозор қийматини 100 млн еврога баҳолаган.













