"Барселона"нинг собиқ ярим ҳимоячиси ва мураббийи Хави Лионель Месси ҳамда Криштиану Роналду ўртасидаги рақобат ҳақида фикр билдириб, нима учун аргентиналик футболчини тарихдаги энг яхши деб ҳисоблашини тушунтирди.
"Месси — тарихдаги энг яхши футболчи. Криштиану эса тарихдаги буюк футболчилардан бири, юқори савиядаги тўпурар. Аммо Лео ўйинни чуқурроқ тушунарди: у таянч ярим ҳимоячи, марказий ярим ҳимоячи ёки сохта тўққизинчи рақам позицияларида ўйнай оларди, майдондаги бўш ҳудудларни бошқалардан яхшироқ англарди".
Шу билан бирга, Хави айнан Роналду Мессининг энг юқори чўққига чиқишига ёрдам берганига ишонади.
"Криштиану уни янада яхшироқ бўлишга ундади. Эҳтимол, Криштиану ҳам, Лео ҳам буни тан олмас, аммо ишончим комилки, улар бир-бирини кузатиб боришган. Агар сен рақобатчи бўлсанг, энг яхши бўлишни хоҳлайсан".
Хавининг фикрича, айнан шу рақобат ҳар икки футболчининг ривожланишига туртки бўлган.













