UFC собиқ чемпиони Ҳабиб Нурмагомедов дзюдони энг яхши спорт турларидан бири деб ҳисоблайди.
"Мен дзюдо бўйича мусобақаларда қатнашганман ва икки-уч йил шуғулланганман. Бу отамнинг энг севимли спорт тури эди. У доимо дзюдони мақтар, мусобақаларга борар ва бизни кимоно кийиб курашишга мажбур қиларди. Туғишган амаким ҳам дзюдо ва самбо бўйича мусобақаларда қатнашган, турнирларда ғолиб чиққан.
Дзюдо — энг яхши спорт турларидан бири. Албатта, жиу-житсу ҳам шундай. Кимоно кийиб курашиладиган барча спорт турлари инсонни мустаҳкамлайди ва ривожлантиради.
Дзюдода энг муҳими — залга келганингда мураббий ва спарринг шерикларинг билан саломлашиш, уларга ҳурмат кўрсатиш ва атрофдагиларга тўғри муносабатда бўлишдир. Залда яхши муҳит бўлиши керак. Агар машғулот залида муносабатлар ва машғулот жараёнини тўғри йўлга қўймасангиз, ҳеч қачон юқори даражага эриша олмайсиз", — деди Ҳабиб.













