Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Нимчорак финалда Гондурас билан баҳс юритамиз

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси гуруҳнинг сўнгги баҳсида Хорватияни мағлубиятга учратди ва нимчорак финалда Гондурас билан баҳс олиб борадиган бўлди.

Ўйиннинг дастлабки 10 дақиқасидаги жамоаларнинг ҳаракатларини кузата туриб, Ўзбекистон ва Хорватияни дуранг натижа ҳам қаноатлантириши пайқаш қийин эмасди. Улар тўпни эгаллаган ҳолда, олдинги интилишда кўп ҳам шошилмади. Шунга қарамай, терма жамоамиз тезкор гол уришга муваффақ бўлди. Иззатилла Абдуллаев ўнг қанотда рақибини алдаб ўтаётганида йиқитилди. "Стандартлар" эгаси Достонбек Ҳамдамов тўпни дарвозанинг яқин бурчагига айлантирди ва 5-рақамли хорват Калета Кар тўпни қайтаришда нўноқлик қилиб, уни ўз дарвозасига буриб юборди.

Йўқотадиган нарсаси қолмаган европаликлар аста-секин босимни ошириб боришди, аммо қарши ҳужумда вакилларимиз хавфлироқ кўрина бошлашди. Аммо ҳисобни Хорватиянинг бўлажак юлдузи дея Ален Халилович индивидуал маҳорати эвазига икки ҳимоячимиздан ўтиб кетиб, дарвозамизни ишғол қилди. Бу Ўзбекистон терма жамоасига киритилган дастлабки гол бўлди.

Ушбу гол нуралиевчиларни бироз шошириб қўйди. 32-дақиқада ҳимоячиларимиз жарима майдончамиз ичида тўпни узоқлаштириш ўрнига, пала-партишликка берилишди ва Рогулжич жуда яқин масофадан зарба беришга муваффақ бўлди. Яхшиямки, зарба кучсиз бўлди ва тўпни Сарвар Каримов эгаллаб олди.

Шундан кейин йигитлар тезда ўзларига келиб олиб, рақиб билан яна тенгма-тенг кураша бошлашди. Иззатилла Ибрагимовнинг ўткир бурчак остида йўллаган зарбасига аниқлик етишмаган бўлса, биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқада эса Жамшид Болтабоевнинг 25 метрлардан йўллаган зарбасини дарвозабон эгаллаб олди.

Иккинчи бўлимда энг эсда қоларли вазиятлардан бири сифатида айнан Болтабоевнинг мусобақадаги иккинчи сариқ карточкани олгани ва нимчорак финалда бизга ёрдам бера олмаслигини таъкидлаш лозим.

Хавфли вазият, хавфли зарба эса ўйиннинг 70-дақиқасига тўғри келди. Терма жамоамиз чап қанотдан кўпчилик бўлиб ҳужум ташкил қилди. Сиддиқов жарима майдончасининг чап қанотида тўпни эгаллаб олиб, уни марказга етказди. Чап оёқда зарба бериш учун қулай вазиятда турган Иззатилла тўпни ўтказиб юборди, бироқ орқадан югуриб келиб тўпга зарба берган Абдулазиз Жўрабоев тўпни ҳам, вазиятни ҳам кўкка совурди.

Томонларни дуранг қаноатлантиргани боис, жамоалар биринчи навбатда ҳимояни биринчи планга олиб чиқишди ва ҳужумга кам сонли футболчилар билан отланишди. Шуниси хавфли эдики, рақиб дарвозамизни ишғол қилиб қўйса, биз гуруҳда 3-ўринни эгаллаб, нимчорак финалда Бразилия билан ўйнашга мажбур бўлардик. Буни тўғри англаган ва кейинги ўйинда терма жамоамизга ёрдам бера олмаслиги аниқ бўлган Жамшид Болтабоев Хорватия жарима майдончаси яқинида тўпни эгаллаб олиб, икки ҳимоячини чалғитган ҳолда, дарвозанинг олис юқори бурчагини нишонга олди.

Ўйин тугашига 4 дақиқа қолганида хорватлар ҳисобни тенглаштиришлари мумкин эди. Ўнг қанотдан жарима майдончаси атрофига етказиб берилган тўпни хорватиялик футболчи эгаллаб олди ва дарвозабонимиз билан бирга-бир вазиятда ноаниқ зарба берди. Қолган дақиқаларни европаликлар фаол ўтказишга уринишди,

Ўзбекистон терма жамоаси 7 очко жамғарди ва гуруҳда 2-ўринни эгаллади. Нуралиев шогирдлари нимчорак финалда Гондурас билан тўқнаш келишади.

Ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпионати
"С" гуруҳи, 3-тур.
ЎЗБЕКИСТОН - ХОРВАТИЯ - 2:1
Голлар: Калета Кар (14-автогол), Жамшид Болтабоев (79) — Ален Халилович (28)
Огоҳлантиришлар: Жамшид Болтабоев (61) — Хрвойе Дзижан (47)
Ўзбекистон: 1. Сарвар Каримов, 2. Рустамжон Ашурматов, 3. Абдулазиз Жўрабоев, 4. Акром Комилов, 5. Одил Ҳамробеков, 7. Жамшид Болтабоев, 11. Акобир Тўраев (8.Аббос Неъматуллаев 76), 15. Иззатилла Абдуллаев, 17. Достонбек Ҳамдамов (6.Хумоюн Аъзамов 90), 19. Шоҳжаҳон Аббосов (10.Жавоҳир Сиддиқов 46), 20. Отабек Шукуров
Хорватия: 1. Марко Марич, 2. Хрвойе Дзижан, 3. Петар Мамич (18.Иван Фиолич 83), 4. Иван Сунжич, 5. Дуйе Калета Кар, 7. Роберт Мурич, 10. Ален Халилович (9.Фран Бродич 60), 11. Анте Рогулжич, 16. Франжо Прче, 17. Фране Войкович (15.Боян Кнезевич 55), 20. Элвир Блажевич
Ҳакамлар: Элмер Бониллага (Сальвадор), Октавио Жарра (Коста Рика), Эрменерито Леал (Гватемала)

МАРОКАШ - ПАНАМА - 4:2
Голлар: Бну Марзуқ (31, 40), Ҳамза Сахий (49), Ачаҳбар (85) — Валд (21), Зоррилла (88)

ЖамоаЎйинҒалабаДурангМағлубиятТ-НОчко
1 Марокаш 3 2 1 0 6-2 7
2 Ўзбекистон 3 2 1 0 4-1 7
3 Хорватия 3 1 0 2 3-5 3
4 Панама 3 0 0 3 1-6 0
Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 23:18, 24.10.2013.
Ўқилди: 8023 марта.
Фикрлар: 26 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.