Хориж чемпионатларида тўп сураётган Ўзбекистон миллий терма жамоасининг бир нечта аъзолари ўтаётган ҳафтанинг дам олиш кунлари ўз клублари сафида расмий ўйинларда майдонга тушишди.
РОССИЯ
Москванинг «Локомотив» клуби сафида ўйнаётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Виталий Денисов, 27октябрь куни Премьер-Лиганинг 14-тури доирасида сафарда «Рубин» клубига қарши майдонга тушди ва тўлиқ 90 дақиқа тўп сурди. Мазкур учрашувда «Локомотив» 2:1 ҳисобида қозонликлар устидан ғалаба қозонган.
Махачқалъанинг «Анжи» клуби ўз учрашувини 28 октябрь куни сафарда «Кубань» клубига қарши ўтказади. «Анжи» сафида Ўзбекистон миллий терма жамоаси ярим ҳимоячиси Одил Аҳмедов тўп сураётганидан хабарингиз бор.
ҚОЗОҒИСТОН
27 октябрь куни Қозоғистон премьер-лигасида 31-тур учрашувлари ўтказилди. Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумчиси Улуғбек Бақоев тўп сураётган Павлодарнинг «Иртиш» клуби шу куни сафарда «Ордабаси» жамоасига қарши тўп сурди. Учрашувда 3:1 ҳисобида «Ордабаси» ғалаба қозонган. Эътиборлиси, «Иртиш»нинг ягона голига ўзбекистонлик ҳужумчи - Камолиддин Мурзоев учрашувнинг 25-дақиқасида киритган.
3 нафар миллий терма жамоага номзод футболчи - Александр Гейнрих, Темур Кападзе ҳамда Марат Бикмаевлар тўп сурадиган «Актобе» клуби сафарда «Остона»га қарши майдонга тушди ва 0:1 ҳисобида имкониятни бой берди. Александр Гейнрих ҳамда Темур Кападзелар ўйинда тўлиқ 90 дақиқадан ҳаракат қилган бўлсалар, жароҳатидан қутулиб сафга қайтган Марат Бикмаев иккинчи бўлимнинг 66 дақиқасида майдонга туширилган.
ХИТОЙ
Хитой Суперлигасида навбатдаги тур ўйинлари 30 октябрь куни ўтказилади.
ЖАНУБИЙ КОРЕЯ
26 октябрь куни Жанубий Корея «К» лигаси иккинчи давра ўйинларининг 5-тур учрашувлари бўлиб ўтди. Иккинчи даврадан бошлаб «К» лигада 8-14 ўринлар учун курашга киришган «Сеонгнам Илва Чунма» клуби таркибида Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Сервер Жепаров тўп суриб келмоқда. Тажрибали ярим ҳимоячи 27 октябрь куни сафарда «Дегу» клубига қарши асосий таркибда майдонга тушди ва 90 дақиқада ҳаракат қилди. Эътиборлиси «Сеонгнам»нинг учрашувдаги биринчи голига, айнан Жепаров 12-дақиқада муаллифлик қилди. Ўйинда эса, 2:2 ҳисоби қайд этилган.
ОЗАРБОЙЖОН
26 сентябрь куни Озарбайжон премьер-лигасида ҳам 11-тур ўйинларига старт берилди. Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумчиси Баҳодир Насимов ушбу турда сафарда «Семурғ» клубига қарши ўйинда асосий таркибда майдонга тушди ва 63 дақиқада алмаштирилди. Учрашувда 0:0 ҳисобидаги дуранг қайд этилган.
ҚАТАР
Ушбу мавсумдан бошлаб, «Қатар Юлдузлар Лигаси» иштирокчиси - «Ал Муъайзир» клуби шарафини ҳимоя қилаётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси ярим ҳимоячиси Фозил Мусаев, 26 октябрь куни жамоаси сафида ўз майдонида «Ал Жаиш» клубига қарши асосий таркибда майдонга тушди. 4:2 ҳисобида «Ал Жаиш» клубининг ғалабаси билан якунланган учрашувда Мусаев тўлиқ 90 дақиқа ўйнади.
БАА
Дубайнинг «Аш Шабоб» клубида тўп сураётган Ўзбекистон терма жамоаси ярим ҳимоячиси Азиз Ҳайдаров 26 октябрь куни сафарда «Ал Шаъб» клубига қарши кечган учрашувда тўлиқ 90 дақиқа ҳаракат қилди. «Аш Шабоб» мазкур учрашувда 1:2 ҳисобида имкониятни бой берди.