Хорватия ўсмирлар терма жамоасининг ҳужумкор ярим ҳимоячиси Ален Халилович қишда Москванинг ЦСКА клубига ўтиши мумкин. "Известия" нашрининг хабар тарқатишича, армиячилар селекционерлари ушбу футболчини БААдаги ЖЧда кузатиб боришган.
Хорватия гуруҳдан чиқа олмаган бўлса-да, ушбу иқтидорли футболчининг ҳаракатлари скаутларга маъқул келган. Футболчи гуруҳдаги учала ўйинда ҳам майдонга тушиб, Ўзбекистон терма жамоаси (1:2) дарвозасига битта гол урди ва жамоасининг Панама (1:0) ва Марокаш (1:3)га қарши ўйинларида голларга ҳаммуаллифлик қилди.
Халилович қишда "Милан"га ўтиб кетадиган япониялик Кейсуке Хондага ўринбосар сифатида қаралмоқда.
Халилович Загребнинг "Динамо"си билан 2014 йилнинг июнь ойига қадар шартномага эга. Футболчининг расмий вакили Шей Ченнинг таъкидлашича, футболчига кўпгина клублардан қизиқишлар бор.