Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Достонбек Турсунов: «Мақсадимиз — Жаҳон чемпионатига чиқиш»

Баҳо:
+ | -

Яқинда Алексей Евстафеев бошчилигидаги Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси (U-19) Қатарда ўтказилган Осиё чемпионати саралаш босқичида муваффақиятли иштирок этиб, 2014 йилнинг 5-22 октябрь кунлари Мьянма давлатида бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. “Нефтчи” вакили Достонбек Турсунов саралаш баҳсларининг барчасида майдонга тушди. Яқинда Фарғона вилоятининг  Олтиариқ туманида таваллуд топган футболчи билан суҳбатда бўлдик.

— Достонбек, аввало, Осиё чемпионатига йўлланма олганингиз билан табриклайман. Саралаш босқичдан олинган таассуротлар билан ўртоқлашсангиз?
— Таассуротларимни бир сўз билан ифодалаб бўлмайди. Евстафеев жамоасига қўшилганимга кўп вақт бўлмаган бўлсада, билан бу хорижга иккинчи сафарим эди. Бундан олдин, БААга йиғин ўтказиш учун боргандик. Қатар эса мен учун иккинчи хориж сафари бўлди. Шу боис дастлаб бироз ҳаяжон босди. Лекин кейинчалик ҳаммаси изига тушиб кетди. Терма жамоамиздаги муҳит аъло даражада эди. Барча футболчилар билан худди бир оиладекмиз. Майдонда ва унинг ташқарисида ҳам бир-биримиз билан муносабатларимиз жуда яхши. Киришиб кетишимиз осон кечди. Муваффақиятимизнинг асосий омили ҳам аҳиллигимиздадир.

Умуман олганда, Қатардаги стадионлар, меҳмонхоналар аъло даражада экан. Ушбу мамлакатда ўтказган дамлар бир умр хотирамда қолишига шубҳам йўқ. Умид қиламанки, бу билан тўхтаб қолмайман. Осиё чемпионатида ҳам ўзимни кўрсатишга ҳаракат қиламан.

— Саралаш баҳсларидаги қайси ўйин оғир кечди?
— Менимча, саралаш босқичида ўйинларни осон ёки қийин деб аташ ноўрин бўлса керак. Ҳамма қитъа биринчилигида иштирок этиш учун ҳаракат қилади. Бунинг устига ёшлар ўртасидаги мусобақаларда ҳар қандай кутилмаган ҳисобларни учратиш мумкин. Ўйинларнинг кун ора ўтказилиши бироз қийинчилик туғдирганини яширмайман.

— Бундан олдин ҳам Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бир нечта марта Осиё чемпионати, ҳатто Жаҳон чемпионатида иштирок этиб келгани боис, мухлислар сизлардан ҳам худди шундай натижани кутиши турган гап эди.  Ўзингизда ортиқча босимни ҳис этдингизми?
— Биласизми, терма жамоага келган футболчи маъсулиятни ҳис этиши шарт. Акс ҳолда яхши натижага эришиб бўлмайди. Ҳар доим хаёлимизда биздан ғалаба кутаётган халқимиз ўтарди. Уларни ишончини оқлаш учун бор маҳоратимизни ишга солдик. Қатарда бўлган кезларимда Ўзбекистонни жуда соғиндим. Юрт соғинчи бошқача бўлар экан. Айниқса, саралаш босқичидан муваффақиятли ўтгач, тезроқ ватанимизга қайтишни хоҳладим.

— Энди ёшлар терма жамоаси олдида янада масъулиятли вазифа турибди — Жаҳон чемпионатига йўлланма олиш.
— Чиндан ҳам бу ёғига ўз устимизда ишлашимиз лозим. Футболда меҳнатсиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Ҳаммаси футболчининг ўзига боғлиқ. Терма жамоадаги барча футболчиларнинг мақсади битта — мундиалга чиқиш.

— Мавзуни бироз ўзгартирамиз. Футболчи бўлишингизга нима сабаб бўлган?
— Болалигимдан “миллионлар ўйини”га меҳр қўйганман. Айнан мана шу меҳр футболчи бўлишимга сабаб бўлди десам муболаға бўлмайди. Ҳаётимни футболсиз тасаввур эта олмасдим. Мустақиллик шарофати билан юртимизда футболга бўлган эътибор ошди. Ёш футболчилар учун кенг имкониятлар очилди. Уч йил  “Машъал” футбол академиясида таҳсил олдим. Мавсум бошида эса “Нефтчи”га сафига келиб қўшилдим.

— Терма жамоа бош мураббийи Алексей Евстафеев ва “Нефтчи”даги устозингиз Сергей Ковшов иш услубида фарқ борми?
— Ҳа, ҳар бир мураббийнинг ўз дунёқараши ва ўзига хос услуби бор. Буни ҳеч ким инкор эта олмайди. Лекин бир нарса аниқки, ҳар икки мутахассис ҳам ўз ишининг устаси ва ёш футболчиларни қандай руҳлантиришни билади. Бу мураббийлардан олган сабоқларим келажакда менга қўл келиши тайин.

— Болаликдаги кумирингиз?
— Мансур Саидов, Иқбол Акрамов.

— Қайси жамоага мухлислик қиласиз?
— Албатта, “Нефтчи”.

— Энг юксак орзуингиз?
— Ҳар бир аскар генерал бўлишни орзу қилгани каби футболчининг юксак орзуси терма жамоаси билан Жаҳон чемпионати иштирок этиш саналади.

Аброр Деҳқонов суҳбатлашди.

Манба: www.fcneftchi.uz
Киритилди: 10:14, 31.10.2013.
Ўқилди: 3973 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.