Ўзбекистон миллий терма жамоаси делегацияси бугун Вьетнам пойтахти Ханой шаҳрига етиб борди. Тахминан 20 дақиқага чўзилган аэропортдаги расмиятчиликдан сўнг жамоа автобусга ўтириб, "Crowne Plaza" меҳмонхонасига йўл олишди. Жамоа Кореянинг Сеул шаҳри орқали Вьетнамга етиб борганини таъкидлаш лозим.
Вьетнам футбол федерацияси расмий сайтининг ёзишича, Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Миржалол Қосимов аэропортда йиғилган журналистларга интервью беришдан бош тортган. Буни мураббий жамоанинг чарчаганлиги ва тезроқ меҳмонхонага бориб, ҳордиқ чиқариш лозимлиги билан изоҳлади. Делегация раҳбари Асқар Толибжонов эса бунинг учун журналистлардан узр сўради.
"Бу ерга етиб келгунимизга қадар кўп вақт сарфладик. Футболчилар тезроқ ҳордиқ чиқаришлари лозим. Боиси, куннинг иккинчи ярмида машғулот ўтказилади. Талабингизни қондира олмаганимиз учун узр сўраймиз. Сизларни эртага ўйиндан олдинги матбуот анжуманида кўрамиз, деган умиддамиз", дейди ЎФФ терма жамоалар маркази директори.
Футболчилар меҳмонхонага жойлашишганидан кейин 4 соат давомида дам олишди. Айни дақиқаларда (Тошкент вақти билан соат 17:00дан бошлаб) терма жамоамиз "Май Дин" стадинида машғулот ўтказмоқда. Машғулот жараёни 90 дақиқа давом этади.