Футбол бўйича Камерун терма жамоаси ҳужумчиси Самуэль Это’О терма жамоадаги бошқа футболчиларни ўзига нисбатан фитнада айблади. Бу ҳақда Goal.com интернет-нашри хабар бермоқда. Это’Онинг сўзларига кўра, камерунлик футболчилар Самуэлнинг гол уришини хоҳламаганликлари учун, унга тўп оширмасликка келишиб олишган.
Это’Онинг қайд этишича, терма жамоа футболчилари Тунисга қарши ЖЧ-2014 саралаш ўйинида ўзларини шундай тутишган. Учрашув 13 октябрь куни ўтказилган ва 0:0 ҳисобидаги дуранг натижа билан якунига етган. Жавоб ўйини 17 ноябрь куни Камерунда ўтказилади.
Ҳужумчининг таъкидлашича, у ўзига қарши фитна ҳақида олдиндан билган, шу сабаб Тунисга қарши ўйинда тўпни олиш учун майдон марказигача ҳаракат қилган. Это’Онинг қайд этишича, футбол – жамоавий ўйин ва унда, агар ўзидан-да яхшироқ вазиятда турган бўлса, энг ёмон кўрган душманингга ҳам пас беришинг керак. Ҳужумчи жавоб ўйинида камерунликлар бирлашишларига ва энг яхши натижага эришиш учун қандай лозим бўлса, шундай ўйин кўрсатишларига умид билдирди.
Ўз навбатида, Камерун терма жамоаси бош мураббийи Фолькер Финке Это’Онинг сўзлари ҳақиқатга мос келмаслигини айтиб чиқди. Финкенинг сўзларига кўра, у Тунис билан ўйин вақтида жамоадошлари Самуэлдан қочишга ҳаракат қилганликларини сезмаган. Финке Это’Онинг баёнотини «боғча болаларига хос гаплар» деб таърифлади.