Кириш Регистрация
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон 0-0 Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал 1-0 Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер
29/12 00:45 Лацио - Аталанта
29/12 16:30 Удинезе - Торино
29/12 19:00 Наполи - Венеция
29/12 19:30 Лестер - Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм - Борнмут
29/12 22:00 Ювентус - Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль

Комилжон Мирзабоев: «Янги мураббий борасида гап бўлиши мумкин эмас»

Баҳо:
+ | -

Якунига етган мавсумни “Нефтчи” жамоаси тўққизинчи ўринда якунлади. Бу натижа, албатта, жамоа мухлисларга ёқмагани бор гап. Хўш, янги мавсумда клубда қандай ўзгаришлар содир бўлиши мумкин? Жамоа кейинги мавсумда қандай натижани кўзламоқда? Шу каби саволларга жавоб топиш мақсадида “Нефтчи” ПФК раиси, Фарғона футболининг жонкуяр раҳбари Комилжон Мирзабоев билан суҳбатда бўлдик.

- Комилжон  ака, аввало, “Нефтчи” ўринбосарлари бронза медалини қўлга киритгани билан табриклайман. Сиз бундай натижани кутганмидингиз?

- Табрик учун раҳмат. Албатта, мен жамоада иш бошлаганимдан кейин “Нефтчи”нинг имкониятларини чамалаб кўрдим. Ростини айтсам, ўринбосарларимиз ўз олдиларига қўйган вазифани бажаришди. Бу борада жамоа мураббийлар штаби ва футболчиларнинг саъйи-ҳаракатларини алоҳида эътироф этиш лозим. Улар ҳар бир ўйинда катта ҳажмдаги ишларни амалга оширишди.

- Асосий таркиб вакиллари эса мавсумни у қадар муваффақиятли  ўтказа олишмади. Бунинг боиси нимада? Умуман олганда, мавсум сизда қандай таассурот қолдирди?

- Биласизми, мен клубга келганимда жамоа жар ёқасида қолганди. Аста-секинлик билан барча муаммолар бартараф этила бошланди. Жорий мавсумда асосан жамоани шакллантириш йўлида иш олиб бордик. Албатта, мавсумда яхшироқ натижа қайд этишга ҳаракат қилдик. Аммо кутилмаган мағлубиятлар режаларимизни барбод қилди.

Таассуротлар ҳақида тўхталадиган бўлсам, мавсум биз учун икки хил ўтди. Аввалига кетма-кет ғалабалар, кейин эса мағлубиятлар серияси.

- Сўнгги турдаги мағлубиятлар сабаби нимада?

- Юқорида таъкидлаб ўтганимдек, айрим ўйинларда омадимиз келмади. Футболда омаднинг ўрни беқиёс. Масалан, рақибларимиз дарвозаси олдида кўплаб голга тортадиган вазиятларни яратдик, лекин тўп дарвозага киришни истамади. Аксига олиб, рақибларимиз оддий ҳолатларда тўп киритишди. Бундан ташқари, мавсум якунига келиб кетма-кет совринли ўринлар учун курашаётган жамоалар билан ўйнашимизга тўғри келди.

- Амет Мемет тақдири қандай кечади? Янги мавсумда янги бош мураббий олиб келинадими?

- Янги мураббий борасида гап бўлиши мумкин эмас. Амет Абдуллаевич жамоани қийин аҳволда қабул қилиб олганди ва унга ўзи истаган жамоани шакллантириш учун вақт етишмаганди. Шундай бўлса-да, ушбу мутахассис яхши натижа қайд этишга ҳаракат қилди. Янги мавсумда ҳам Амет Мемет бошчилигидаги мураббийлар билан ҳамкорликни давом эттирамиз.

- Кўплаб футболчиларнинг шартномаси якунига етмоқда. Улар билан битим узайтириладими? Эҳтимол, янги мавсумда янги футболчилар таркибга келиб қўшилар?

- Шуни айтиш жоизки, шартномаси якунига етаётган футболчиларнинг айримларини жамоада олиб қолмоқчимиз.  30 ёшдан ошган ўйинчилар билан хайрлашишга тўғри келади. Лекин жамоанинг ўзаги сақланиб қолинади. Қолаверса, яхши натижага эришиш учун таркибимизни тажрибали футболчилар билан тўлдирамиз. Айни дамда кенг кўламли селекция ишлари давом эттирилиб, кўплаб футболчилар билан музокаралар олиб борилмоқда. Улар орасида легионерлар ҳам бор. Аммо ҳозир уларнинг номини ошкор этмоқчи эмасман.

- Ҳар йили жамоа хорижда йиғин ўтказиши одатга айланган. Бу йил ҳам шундай йиғинлар ўтказиладими?

- Албатта, февраль ойида Туркияда йиғин ўтказиш режалаштирилган.

- Янги мавсумдаги режалар қандай?

- Янги мавсумдаги режаларимиз улкан. Биласиз, фарғоналик футбол мухлислари ҳар доим “Нефтчи”дан яхши натижа кутишади. Мақсадимиз жамоанинг олдинги салоҳиятини тиклаш. Бу борада ҳар қандай қийинчликларни енгиб ўтишга тайёрмиз. Бир сўз билан айтганда, доимо изланишдамиз.

- Ўринбосарлар таркибида ҳам ўзгаришлар бўладими?

- Ҳа, бу йил ўринбосарлар сафида тўп сурган уч нафар футболчи – Отабек Зокиров, Умид Қодиров ва Достон Турсунзодалар асосий таркибга қўшилишади.  Ўринбосарлар таркибида эса асосан 1994-1996 йилда туғилган ўсмирлар ҳаракат қилишлари кўзда тутилган.

Дарҳақиқат, режалаштирилган ишларни амалга ошириш мақсадида жорий йилнинг 3-8 декабрь кунлари Фарғона вилояти Футбол федерацияси ҳамда "Нефтчи"ПФК клуби ҳамкорлигида "Сиз "Нефтчи"ПФК жамоасида ўйнашни хоҳлайсизми?" шиори остида 1994, 1995, 1996 йилларда туғилган ўсмирлар ўртасида мусобақа ўтказилади. Унда вилоятнинг барча шаҳар ва туманлар терма жамоалари иштирок этади. Турнирда жами 1200 нафардан зиёд ёш футболчилар қатнашади. Саралаш учрашувлари Фарғона шаҳридаги "Нефтчи"ПФК футбол мактабининг сунъий майдонида бўлиб ўтади.

Бундан кўзланган асосий мақсад вилоятдаги ёш иқтидор эгаларини аниқлаш ва уларни катта футболга жалб этишдан иборат.

Учрашувларни Фарғона вилояти Футбол федерацияси, "Нефтчи"ПФК клуби ҳамда футбол мутахассисларидан тузилган селекция гуруҳи кузатиб боради. Мусобақа давомида ўзини ҳар томонлама кўрсатган қобилиятли, иқтидорли ёш футболчилар "Нефтчи"ПФК ўринбосарлари сафига жалб этилади  

Манба: www.fcneftchi.uz
Киритилди: 15:43, 20.11.2013.
Ўқилди: 3635 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.