2015 йилнинг 9-31 январь кунлари Австралияда XVI Осиё Кубоги баҳслари бўлиб ўтади.
Мусобақага қуръа ташлаш маросими 2014 йилнинг 26 март куни Сиднейдаги Опера уйида бўлиб ўтади. ОФК матбуот хизматининг маълум қилишича, маросимда 300га яқин ОФК мулозимлари ва мусобақада иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган 16 терма жамоа вакиллари иштирок этади. Маросим бутун Осиёга жонли эфирда намойиш этилади.
Австралиянинг Сидней, Мельбурн, Брисбен, Канберра ва Ньюкасл шаҳарларида ўтказиладиган мусобақалар йўлланмасини ҳозиргача Австралия (мезбон), Япония, Жанубий Корея (Осиё Кубоги-2011 чемпиони ва совриндори), Шимолий Корея (ОФК Чақирув Кубоги-2012 ғолиби), Баҳрайн, Эрон, Кувайт, Уммон, Қатар, Саудия Арабистони, БАА ва Ўзбекистон терма жамоалар қўлга киритган. 2014 йил март ойида якунига етадиган саралаш баҳслари якунига кўра, қолган тўрт йўлланма эгаси номи ҳам маълум бўлади.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё Кубоги-2015 саралашида “Е” гуруҳида БАА, Гонкгонг ва Вьетнам жамоаларига қарши баҳс олиб бормоқда. Миржалол Қосимов қўл остидаги жамоа дастлабки беш ўйин натижасига кўра, муддатидан аввал, финал босқичи йўлланмасини қўлга киритди. Саралашнинг сўнгги ўйини 5 март куни Тошкентда БАА терма жамоасига қарши ўтказилади.