Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида каратэ бўйича катталар ва ўсмирлар ўртасида Осиё чемпионати баҳслари ўтказилди.
Эътиборлиси, қитъанинг 32 давлати вакиллари иштирокида бўлиб ўтган мазкур нуфузли мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари иккитадан олтин ва кумуш медалларни қўлга киритиб, Ўзбек каратэ мактаби Осиёда юқори мавқеига эга эканлигини амалда яна бир бора исботладилар.
Терма жамоамиз ҳисобига олтин медалларни 2010 йил Гуанчжоу (Хитой)да ўтказилган Осиё ўйинлари совриндори Барно Мирзаева ва умидли спортчимиз Садриддин Сайтматов келтиришди.
“Пойтахтимизда бўлиб ўтган аввалги Осиё чемпионатида кумуш медал совриндори бўлган эдим. Бу галги чемпионатда Давлатимиз байроғини сарбаланд кўтарганимдан хурсандман. Ўтган давр мобайнида мураббийим билан биргаликда олиб борган сайи-харакатларимиз ўз самарасини берди” – дейди Садриддин Сайматов.
Садриддин финалга қадар кечган баҳсларда Шри-Ланка, Ҳиндистон, Қувайт терма жамоалари аъзоларини мағлуб этган бўлса, ҳал қилувчи финал беллашувида эронлик спортчидан 8:0 ҳисобида устун келди.
Барно Мирзаева эса олтин медал йўлида Ҳиндистон, Иордания, Хитой Тайпейи ва Қозоғистон вакилларини енгиб, шохсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.
“Ўзбекистон Республикаси Конститутцияси қабул қилинганлигининг 21 йиллик байрами арафасида Осиё чемпионатида муваффақиятга эришганлигимдан жуда ҳам бахтиёрман” – дейди Барно Мирзаева.
Осиё чемпионатида иштирок этган спортчиларимиздан яна икки нафари Бегзод Туйғунов ҳамда Абдулазиз Отабоев финалга қадар кечган баҳсларни мағлубиятсиз ўтказиб, кумуш медал совриндори бўлишди. Жамоавий мусобақаларда терма жамоамиз таркибида Муҳаммадзоид Иминов, Улуғбек Муҳсимов, Ғофур Зоҳидов, Ахрор Низомбоев ва Бекзод Туев татамига чиқдилар.
Яна бир қувонарли хабар. Қитъа чемпионати даврида ўтказилган Осиё каратэ федерацияси конгрессида 2015 йил клублар ўртасида ўтказиладиган Осиё чемпионати пойтахтимиз Тошкент шаҳрида ўтиши эълон қилинди.
Ўзбекистон терма жамоаси 8-декабрь куни соат 17:00да Ватанимизга қайтиб келади.