Кириш Регистрация
16/05 00:00 Ман. Юнайтед 3-2 Ньюкасл
16/05 00:00 Реймс 1-0 Марсель
16/05 00:00 Ницца 1-2 ПСЖ
16/05 01:00 Сельта 2-1 Атлетик Бильбао
16/05 01:00 Хетафе 0-3 Атлетико
16/05 22:30 Лас-Пальмас 2-2 Бетис
17/05 00:30 Альмерия 0-2 Барселона
17/05 01:00 Реал Сосьедад 1-0 Валенсия
17/05 23:45 Фиорентина - Наполи
18/05 21:00 Лечче - Аталанта
18/05 23:45 Торино - Милан
19/05 00:00 Алавес - Хетафе

Мавсум тараддуди: клубларда нима гап?

Баҳо:
+-1 | -

Олий лига жамоалари янги мавсумга қай тарзда ҳозирлик кўришмоқда? Қайси жамоалар ўз таркибларига янги футболчилар жалб этишди? Умуман, қуйида таркиблардаги ўзгаришлар, клубларнинг тайёргарлик жараёнлари ҳақида маълумот берилади.

«Бунёдкор»

«Бунёдкор»нинг янги мавсумга қаратилган тайёргарлик режасида иккита хориж йиғини бор. Жамоанинг дастлабки йиғини Тошкентда 14-29 декабрь кунлари олиб борилади. Янги йил байрамидан сўнг 3-15 январда яна пойтахтимизда машғулотлар давом эттирилади. Ушбу йиғин давомида иккита ўртоқлик учрашуви ўтказилади. Шундан сўнг 18 январь кун БААнинг Дубай шаҳрига йўл олинади. Амирликлардаги йиғин 1 февралга қадар давом этади. У ерда «Шахтёр» (Донецк, 22 январь), «Динамо» (Москва, 25 январь) ва «Спартак» (Москва, 30 январь) каби кучли жамоалар билан ўртоқлик учрашувлари ўтказилиши режалаштирилган. Ҳозирча ушбу рақиблардан «Динамо» билан ўзаро келишиб олинди. Қолган икки рақиб эса ҳали ўз тасдиғини юборгани йўқ.

Иккинчи хорижий йиғин эса 4-17 февраль кунлари Туркиянинг Анталия шаҳрида ўтказилади. У ерда «Бунёдкор» 6та ўртоқлик учрашуви ўтказади. Анталиядаги рақиблар билан эса музокаралар давом этмоқда.

Футболчилик даврини бир неча етакчи жамоаларда ўтказиб, ёрқин ўйинлари билан мухлислар меҳрини қозонган Бахтиёр Ашурматов 2012 йилги мавсумдан бошлаб, ўзини мураббийликда синаб кўраётганди. Ёш мутахассис «Гулистон» жамоасини олий лигага олиб чиқиб, элитанинг дастлабки турларида ҳам ижобий натижалар қайд этди. Мавсум-2013 якунига кўра сирдарёликлар олий лигани тарк этишган бўлса-да, ёш иқтидорлилар билан ишлаш борасида Бахтиёр Ашурматов мураббийлик соҳасида жуда яхши таассурот қолдирди.

Айни пайтда «ПРО» лицензияси учун таҳсил олётган Бахтиёр Ашурматов мураббийликдаги кейинги фаолиятини Тошкентнинг «Бунёдкор» жамоаси билан боғлади. Ёш мутахассис клубнинг мураббийлар штабида Миржалол Қосимовга кўмаклашади. Айтиш жоизки, «Бунёдкор» жамоаси Бахтиёр Ашурматов учун бегона эмас. У 2007-2009 йиллар мобайнида «қалдирғочлар» сафида жами 62та учрашувда майдонга тушган.

Яқинда «қалдирғочлар» айрим футболчилар билан шартномалар имзолашди. Якунланган мавсумни «Бухоро»да ўтказган Воҳид Шодиев эндиликда «Бунёдкор»да ўйнайди. Шунингдек, «Нефтчи» ва «Гулистон» клубларининг марказий ҳимоячилари - Шукурали Пўлатов ва Бобуржон Акбаровлар билан ҳам келишувга эришилган. Уларнинг барчаси билан икки йиллик шартнома имзоланди.

Узоқ йиллардан буён «Нефтчи» шарафини ҳимоя қилиб келган Мансур Саидов ҳам фаолиятини «Бунёдкор»да давом эттириши мумкин. Айни пайтда у жамоа машғулотларида иштирок этмоқда. Бундан ташқари «Гулистон» вакили Алишер Шоғуломов ҳам тошкентликлар сафига қўшилди.

  «Локомотив»

Трансфер бозорида етакчилик қилаётган «темирйўлчилар» яна бир футболчи билан шартнома имзоладилар. Жамоа сафини сўнгги мавсумларда Фарғонанинг «Нефтчи» клубида тўп сурган Сардор Мирзаев тўлдирди.

Футболчи жамоа билан икки йиллик шартнома имзолади. Айни дамда Сардор «Локомотив» машғулотларида иштирок этмоқда.

Шу билан бирга клуб сафини тарк этадиган футболчилар номи ҳам аста- секин маълум бўлиб бормоқда. Хабарларга қараганда, жамоани Акмал Холматов тарк этган. Маълум бўлишича, футболчига «Бунёдкор»дан таклиф тушган.

Жамоанинг бошқа бир ўйинчиси Иван Нагаев эса фаолиятини Россияда давом эттирмоқчи. Айни пайтда у жўнаб кетган. Маълум бўлишича, у биринчи дивизион клубида фаолият олиб бораркан.

Куни кеча «темирйўлчилар» «Чилонзор» стадионида ўзаро икки томонлама назорат учрашувини ўтказишди. Ўйиннинг дастлабки декадасида айни дамда «Локо» кўригида бўлиб турган украиналик Вячеслав Шевченко Жасур Ҳасанов (катта)-Икром Алибоев комбинациясидан сўнг ҳисобни очди. Шу натижа биринчи бўлимда сақланиб қолди. Иккинчи бўлимда «оқлар» сафида ҳаракат қилган Алишер Файзиев узоқ масофадан Роман Абдулов қўриқлаётган дарвозани нишонга олиб учрашувда мувозанатни тиклади - 1:1.

Ўйин охирида эса Икром Алибоевга қарши ишлатилган қўполликдан сўнг Ислом Тўхтахўжаев пенальтидан тўп киритиб, «қизиллар»га ғалаба келтирди.

«Темирйўлчилар» сафида айни дамда Роман Абдулов, Вячеслав Шевченко (Украина), Андрей Козакари (Молдова), Сарварбек Сафаров, Алишер Файзиев каби футболчилар кўрикдан ўтишмоқда.

  «Насаф»

Муборакнинг «Машъал» клубига тегишли бўлган 22 ёшли дарвозабон Ўткир Юсупов Қаршининг «Насаф» клуби йиғинида иштирок этмоқда. Афтидан у жамоа билан шартнома имзолаган. Шунингдек, машғулотларда Элдор Суюнов ва Михаил Наумов каби дарвозабонлар ҳам қатнашмоқдалар.

Шу ўринда айтиш жоиз, Жаҳонгир Жиямуродовнинг жамоани тарк этгани тўғрисида хабарлар тарқаганди. Аммо футболчи voha.uz сайтига берган интервьюсида Тошкентда даволанаётганини айтиб ўтди. Унинг «Бунёдкор»га ўтгани тўғрисидаги хабарлар эса асоссиз бўлиб чиқди. Шуни алоҳида таъкидлаш лозим, унинг қаршиликлар билан келишуви 31 декабрь куни ниҳоясига етади. Келаси мавсумда Жиямуродовнинг қайси жамоада ўйнаши эса ҳозирча маълум эмас.

  «Пахтакор»

«Пахтакор»нинг дастлабки йиғини Тошкент ва Қибрайда янги йил байрамигача давом этади. 4 январь куни 2 ҳафталик машғулотларни ўтказиш учун Шаржага жўнаб кетилади. У ерда 4та назорат ўйинида майдонга тушиш режалаштирилган.

Рақиблардан бирининг номи маълум - Харьковнинг «Металлист» клуби билан ўйин 17 январь куни бўлиб ўтади. Кейин яна Қибрайда 7 февралгача шуғулланадиган «шерлар» 7 февраль куни Туркиянинг Белек шаҳарчасига йўл олишади.

Белекдаги йиғин 21 февралга қадар давом этади. Туркияда ҳам 4 рақиб билан назорат баҳслари ўтказиш мўлжалланмоқда.

  «Олмалиқ»

Кўплаб жамоалар каби «Олмалиқ» клуби ҳам ўз қароргоҳида янги мавсумга тайёргарликни бошлади. Айни пайтда жамоа таркибига бир қатор янги футболчилар келиб қўшилишмоқда. Ҳозирда бош мураббий Игорь Шквирин «Хоразм»да ўйнаган Қадамбой Нурметов ва Мурод Бобожонов, «Гулистон» аъзоси Илёс Хайров, «Локомотив»дан Диёр Усмонхўжаев, «Нефтчи» вакили Шерзод Ҳакимов ва «ғаллакор» футболчиси Марат Қудратовларни кўрикдан ўтказмоқда. Шунингдек, кўрикда «Насаф»нинг ёш вакили Сирожиддин Абдуҳакимов ҳам бор.

Ўзингизга маълум, якунланган мавсумда «Олмалиқ» сафида Игорь Петкович, Мақсатмурот Шомуродов, Дарко Станоевич, Георги Квесиешвили каби хорижлик футболчилар тўп суришганди. Уларнинг яна жамоада ўйнаши январь ойида маълум бўлади. Роман Абдулов, Баҳром Йўлдошев, Элёр Мамасолиев, Олим Новкаров, Шаҳбоз Эркинов, Нодир Давлатовлар эса жамоа билан бирга эмаслар. Шунингдек, ижарада бўлган Фаррух Нурлибоев ва Исроил Эргашевлар ҳам машғулотларда иштирок этишмаяпти.

«Нефтчи» ярим ҳимоячиси Шерзод Ҳакимов ҳам келгуси мавсумни «Олмалиқ»да ўтказиши мумкин.

  «Металлург»

Ҳар бир клуб сингари Бекободнинг «Металлург»и ҳам янги мавсумга жиддий тайёргарлик кўришни мақсад қилган. Олинган маълумотларга қараганда, бекободликлар февраль ойи бошида Туркиянинг Анталия шаҳрида ўқув-машғулот йиғинини ўтказишаркан. Эсингизда бўлса, «Металлург» ўтган мавсум олдидан ҳам Туркияда бўлиб қайтганди.

  «Бухоро»

Якунланган мавсумни «Бухоро»да ўтказган ҳимоячи Дэвид Ония жамоани тарк этди. Маълум бўлишича, нигериялик футболчи айни пайтда Самарқандда экан. Лекин унинг янги мавсумда қайси жамоада ўйнаши ҳозирча аниқ эмас. Сўнгги пайтларда унинг «Насаф» ёки «Динамо»га ўтиши мумкинлиги тўғрисида хабарлар юрибди.

«Бухоро» ҳам 2014 йилги мавсумга тайёргарликни бошлаб юборди. Шу ҳафтада жамоа аъзолари клуб базасида йиғилишди ва дастлабки машғулотларни ўтказишди. Ҳозирги кунда машғулотлар фақат маҳаллий футболчилар билан кечмоқда. Машғулотларда 40дан зиёд футболчи қатнашмоқда. Асосий таркиб футболчилари «Бухоро» спорт мажмуасида, ўринбосарлар эса Бухоро Давлат Университети қошидаги футбол майдонида шуғулланишмоқда. Йиғин 28 декабрга қадар давом этади. 3 январдан жамоа тўлиқ куч билан машқларни бошлайди. Янги йилдаги йиғинда легионерлар ҳам иштирок этишади.

  «Динамо»

Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги Самарқанднинг «Динамо» жамоаси машғулотларга 22 декабрь куни киришади. Дастлабки йиғин клубнинг ўз базасида бўлиб ўтади.

Олинган маълумотларга кўра, Омад Тойлоқов, Темур Дадашев ҳамда Тўлқин Мирзаевнинг жамоа билан тузган шартномалари ўз кучини йўқотган. Самарқандликлар энди бу футболчилар билан битимни узайтирмасликка қарор қилишди. Шунингдек, ижара асосида ўйнаган ҳимоячи Нодир Саноқулов ҳам ўз жамоаси бўлмиш «Насаф»га қайтиб кетган.

Кетганлар ўрнини тўлдириш мақсадида мураббийлар айни пайтда бир қатор ўйинчилар билан музокара ўтказишмоқда. Янги футболчиларнинг келиши январ ойидан бошланади.

  «Нефтчи»

Фарғонанинг «Нефтчи» жамоасида катта ўзгаришлар юз бермоқда. Клубни бир қатор футболчилар тарк этишмоқда. Шунингдек, таркибга янги ўйинчиларнинг қўшиб олиш ишлари ҳам кенг кўламда олиб борилмоқда.

Олдин хабар бериб ўтганимиздек, жамоани Мансур Саидов, Сардор Мирзаев ва Шукурали Пўлатовлар расман тарк этишган. Умуман олганда, Фарғона клубини тарк этадиганлар сони анчани ташкил қилади. Машғулотларда эса янги ўйинчилар иштирок этмоқдалар. Булар якунланган мавсумни «Навбаҳор»да ўтказган Рўзимбой Аҳмедов ва Илҳом Бойдедаев, «Пахтакор»га тегишли бўлган Максимилиан Фоминлардир. Клуб расмий сайтининг хабар беришича, «Сўғдиёна» вакили Мурод Тошматов ҳам айни дамда синовдан ўтмоқда. Улар орасида Аҳмедов билан расман шартнома имзоланган.

Бундан ташқари, ҳимоячи Дилёр Эрматов билан янги шартнома имзоланди. Шунингдек, ўтган мавсумнинг иккинчи даврасини Фарғонада ўтказган Вячеслав Понамарёв ва Мирзакамол Камоловлар ҳам «Нефтчи»даги фаолиятларини давом эттирадиган бўлишди.

  «Сўғдиёна»

Жиззахнинг «Сўғдиёна» жамоаси айни пайтда таътилда.

Олий лига жамоалари бир кетин йиғинни бошлашаётган бир пайтда, Даврон Файзиев жамоасининг тўпланишидан дарак йўқ. Олинган маълумотларга кўра, жиззахликлар бу ой йиғилмайдилар. championat.asia сайтининг хабар беришича, январь ойининг тўртинчи кунидан бошлаб эса футболчилар клуб қароргоҳига етиб келадилар ва шу кундан бошлаб машғулотларга киришилади.

Бу йил жамоа шарафини ҳимоя қилган Маъруф Муродов айни пайтда «Нефтчи» йиғинида иштирок этаётган бўлса, ҳимоячи Сирож Ҳамроев «Машъал»га ўтган. Шунингдек ёш дарвозабон Нодир Ашурматов ҳам ижара муддати поёнига етгач, жамоа билан хайрлашган. Ҳозирча юқорида номлари келтириб ўтилган ўйинчилардан бошқа ҳеч ким ўзга клубга кетмаган.

Легионер посбон Александр Меленчук билан оғзаки келишувга эришилган. Шу боис футболчининг яна клуб ихтиёрига қайтиб келиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Даврон Файзиев айни дамда Тошкентда ўтаётган «ПРО» мураббийлик курсларида ўқимоқда.

  «Навбаҳор»

Наманганнинг «Навбаҳор» жамоаси янги мавсумга улкан мақсадларни олдига қўйганидан хабарингиз бор.

Клуб раҳбариятига яқин манбалардан олинган хабарларга қараганда, наманганликлар 2014 йили медаллар учун кураш олиб боришади. Жамоага бир қатор янги футболчилар келишлари кутилмоқда. Маъқул келган ўйинчилар билан шартномалар имзоланади.

Бугундан «Навбаҳор» йиғинларни бошлайди. Гарчи бошқа жамоаларга қараганда, бироз кечроқ бўлса-да, режада икки босқичли йиғин кўзда тутилган.

Шунингдек, «Навбаҳор»нинг февраль ойида Туркиянинг Анталия шаҳрида йиғин ўтказиши тўғрисида ҳам хабарлар бор.

  «Андижон»

18 декабрдан бошлаб «Андижон» клуби ҳам машғулотларга киришди. Дастлабки йиғинда мураббийлар асосий эътиборни тикланиш машғулотларига қаратишни режалаштиришган. Машғулотлар ихтисослаштирилган футбол мактаб - интернатининг сунъий қопламали майдонида олиб борилмоқда. Қолаверса, мазкур йиғин чоғида таркибдаги ўзгаришлар ҳам маълум бўлади. Таркибни кучайтириш ва барча чизиқларда рақобатни ошириш учун айни пайтда бир қатор футболчилар билан музокаралар олиб борилмоқда. Бу йил ижарага олинган ўйинчилар ўз клублари ихтиёрига қайтишган. Бош мураббий Азамат Абдураимов ўз интервьюсида Сергей Смородин, Сардор Соибов ва ғиёс Комилов каби футболчиларни жамоада олиб қолишини айтган. Таркибга кимлар қўшилиши ва жамоани қайси футболчилар тарк этиши йиғин давомида маълум бўлади. «Андижон»нинг дастлабки йиғини 30 декабрга қадар давом этади. Ушбу йиғин чоғида назорат ўйини ўтказиш ҳам режалаштирилган.

Шу ҳафтада «бургутлар» учун бегона бўлмаган Шуҳрат Мирхолдиршоев билан Жаҳонгир Меҳмоновлар клуб базасига ташриф буюришди. Улар «Андижон»га машғулотларда иштирок этиш учун эмас, балки жамоа раҳбарлари билан музокара ўтказиш учун боришганди. Хабарингиз бор, Мирхолдиршоев жароҳат туфайли 2013 йилги мавсумни ўтказиб юборди. Тажрибали футболчи айни пайтда ҳам шифокорлар кўригида бўлиб турибди. Шуҳратнинг 15 январга қадар майдонга туша олмаслиги айтилмоқда. Агарда у «Андижон» билан шартнома борасида келиша олса, клубнинг январь ойида Тошкентда ўтадиган йиғинига қўшилиши мумкин.

Жаҳонгир Меҳмоновнинг эса «Нав-баҳор» билан тузган битими шу йилнинг охирида поёнига етади. Агарда ҳимоячи унгача «бургутлар» билан бир тўхтамга келса, у ҳам иккинчи йиғинда иштирок эта бошлайди. Юқоридаги футболчилардан ташқари «Андижон» лагерига Фаррух Турдиалиев ҳам ташриф буюрди. «Нефтчи» посбони келгуси мавсумни Азамат Абдураимов жамоасида ўтказиши мумкин.

Манба: www.pfl.uz
Киритилди: 13:25, 19.12.2013.
Ўқилди: 5432 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.