2013 йилги мавсумни ижобий натижалар билан якунлаган "Олмалиқ", навбатдаги мавсум тайёргарлигини бошлади.
Дастлабки ўқув-машғулотлари 16-27 декабрь кунлари Олмалиқ шаҳрида, янги барпо этилган стадион ҳудудидаги сунъий қопламали майдонда олиб борилди. Машғулотларда бир қатор футболчилар кўрикдан ўтишган бўлса, 2013 йил жамоа шарафини ҳимоя этган баъзи футболчилар билан шартнома узайтирилмади.
Жамоани дарвозабон Роман Абдулов, ярим ҳимоячи Элёр Мамасолиев, ҳужумчилар Шаҳбоз Эркинов, Олим Новкаров ва Нодир Давлатов тарк этишди. Биринчи йиғин якунида улар сафига Шерали Жўраев ва Сардор Сотволдиев ҳам қўшилди.
Машғулотларга кўрикка таклиф этилган Илёс Хайров, Муҳаммадсултон Фозилов, Сирожиддин Абдуҳакимов, Мурод Бобожонов ҳам навбатдаги машғулотларга чақирилмади.
"Олмалиқ" 4 январдан Тошкентда ўқув-машғулот йиғинларини давом эттира бошлади.
Жамоа пойтахтимиздаги "Ўзбекистон" меҳмонхонасида истиқомат қилган ҳолда, "Обод" футбол клубига тегишли сунъий қопламали майдонда машғулотларини ўтказади.
Куннинг иккинчи ярмида жамоа шу стадионда ўз машғулотини ўтказди. Жамоа таркибида бир қатор янги номларни кўриш мумкин. Декабрь ойида ўтган илк йиғинда қатнашган Марат Қудратов, Қадамбой Нурметов, Диёр Усмонхўжаев ва Абдумалик Тошпўлатов кўрикдан ўтишда давом этишади. Улар сафига бугун кўрикка Қаҳрамон Маҳамаджонов ("Навбаҳор"), Сарварбек Жўраев ("Гулистон"), Дониёр Усмонов каби футболчилар ҳам қўшилишди. Шунингдек, пойтахтда бўлиб турган Даврон Мирзаев ("Нефтехимик", Россия) ва жамоа собиқ футболчиси Шавкат Муллажонов ҳам машғулотларда қатнашди.
Илк йиғинда иштирок этган Шерзод Ҳакимов ва Иқбол Акрамов янги мавсумни "Олмалиқ" либосида ўтказиши аниқ бўлган бўлса, жамоа легионерлари Мақсатмурод Шомуродов ва Дарко Станоевич кейинги ҳафтадан машғулотларга қўшилади. Гергий Квесиешвили ва Игорь Петкович билан шартнома узайтирилмайдиган бўлди.
Жамоа машғулотлари кунига икки маҳалдан олиб борилади. 8 ва 14 январь кунлари назорат ўйинлари ўтказиш режалаштирилган.