Кеча жамоамиз раҳбарияти мураббийлар штаби ва футболчилар билан учрашди.
Йиғилишда мавсум якунлари ва режалар хусусида сўз борди, қолаверса, мураббийлар штаби ҳам тасдиқланди. Жамоамиз раҳбари Ғанишер ака Шоғуломов 2013 йил клуб ўз базасига эга бўлгани, базада футболчиларга барча шарт-шароитлар яратилгани, энди шунга мос равишда чемпионатда ҳам муносиб равишда иштирок этиш лозимлигини алоҳида таъкидлади. Ғанишер Исломович сўзида давом этар экан, мураббийлар штаби ва футболчилар олдига 2014 йилги мавсумда клубни олий лигага олиб чиқиш вазифасини қўйди. Бунинг учун жамоа аъзоларига барча шароитлар муҳайё қилинишини айтиб ўтди.
Жамоамиз вице-президенти Улуғбек ака Алимов эса, янги мавсумдан бошлаб натижа жиддий тарзда талаб қилинишига урғу берди. Улуғбек Рустамович мураббийлардан ҳам, футболчилардан ҳам ўз устиларида мунтазам равишда ишлашларини талаб қилди. Бундан ташқари, иш аниқ бир дастур асосида олиб борилиши лозимлигини ҳам уқтирди. Ёдингизда бўлса, ўтган мавсум сафарда биргина ғалабага эришган эдик (“Янгиер” - 0:1). “Оқ-тепа” вице-президенти янги мавсумда меҳмондаги баҳсларда ҳам ижобий натижага эришиш шартлигини айтди ва мураббийлар ҳамда футболчилар якунда шунга мос равишда мукофотланишини ҳам қўшимча қилди.
Юқорида таъкидлаганимиздек, йиғилишда мураббийлар штаби ҳам тасдиқланди. Ўтган йили мураббийликдаги дебют мавсумини ўтказган Александр Токов ўз лавозимида қолди. Унга жисмоний тайёргарлик бўйича Азизжон Муҳамедов ёрдам берса, дарвозабонлар билан Олег Хожиохунов ишлайди. “Оқ-тепа” футбол мактаби директори Владимир Гаврилов бир вақтнинг ўзида жамоа маъмури лавозимида ҳам фаолият кўрсатади.