Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Шуҳрат Мақсудов: "Уммонга саёҳат қилиб келиш учун кетаётганимиз йўқ"

Баҳо:
+ | -

Шу кунларда Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси (U-22) БААда бўлиб турибди ва илк бора шу ёш тоифасида ташкил этиладиган Осиё чемпионатига тайёргарлик кўрмоқда. Терма жамоамиз делегацияси якшанба куни Дубай шаҳрига етиб борди.

Қитъа чемпионатига эса 11-26 январь кунлари Уммон давлати мезбонлик қилади. Шуҳрат Мақсудов шогирдлари мусобақанинг гуруҳ босқичида Хитой (12 январь), Ироқ (14 январь) ва Саудия Арабистони (16 январь) терма жамоа­лари билан баҳс олиб боришади. Очиғи, таркиб анча кучли ва қитъа чемпионатида жамоамиздан ижобий натижа кутишга ҳақлимиз. Фақат бу ерда жуда катта масъулият бош мураббий зиммасига тушади. Шуҳрат ака футболчиларни ягона мақсад йўлида бирлаштириб, уларга ўз қарашларини сингдира олса, бас. Муҳими, Мақсудов мураббийлар штабидаги ёрдамчиларини танлашда адашмади. Уммон-2014 чемпионатига йўл олган жамоамиз асосини 1993 йили туғилган футболчилар ташкил қилишади. Бу йигитлар билан бир неча йиллардан бери Алексей Евстафеев ишлаб келмоқда. Мураббийлар штабида Алексей Владимирович каби собиқ «ёшлар»ни биладиган мутахассис йўқ. Мурод Исмоилов танлови ҳам жуда тўғри, бир ҳисобдан. Терма жамоанинг нақд 15 (!!!) нафар аъзоси «Пахтакор»да унинг қўл остида ўйнаган. Хуллас, жамоамизни ғолибликка асосий даъвогарлар сафига қўшсак бўлади. Ўз ўрнида айтиш жоиз, гуруҳдаги рақибларимиз ҳам бўлажак мусобақага жиддий тайёргарлик кўриш­япти. Жумладан, Саудия Арабис­тони ёшлар терма жамоаси ўз йиғини доирасида Қатарнинг «Ал-Араби» клуби билан назорат учрашуви ўтказиб, ғалаба (2:0) қозонди. Ҳамад Жизоний ва Абдулкарим ал Қаҳтоний ўзларини кўрсатишди. Кеча саудияликлар Қатарнинг яна бир жамоаси, ОЧЛ-2011 ғолиби - «Ал-Садд» билан ҳам ўртоқлик учрашувида майдонга тушишди. Шунингдек, Ироқ ва хитойликлар ҳам қўл қовуштириб ўтирганлари йўқ. Бир сўз билан айтганда, рақибларимиз Осиё чемпионатига жиддий қараш­япти. Биз жамоамиз сафари олдидан, аниқроғи, ЎФФ қошидаги сунъий қопламали майдонда ўтказилган охирги машғулотлардан сўнг бош мураббий Шуҳрат Мақсудовдан алоҳида интервью олдик. Таъкидлаш жоиз, бу Мақсудовнинг ёшлар терма жамоаси бош мураббийи сифатида берган илк интервьюсидир.

 

- Шуҳрат ака, бош мураббий этиб тайинланганингиздан кейин ҳали бирор марта интервью бермагандингиз. Шу пайтгача «Нефтчи» ва «Олмалиқ» клублари, Ўзбекистон миллий терма жамоасида катта мураббий лавозимларида ишладингиз. Табиийки, бош мураббийлик катта масъулият ва жавобгарлик талаб қилади. Умуман, бу тайинловни қандай қабул қилдингиз?

 

- Аввало юртдошларимиз, миллионлаб футбол ишқибозларини Янги йил билан табриклайман. От йилидаги футбол мавсуми улкан ғалабаларни туҳфа этсин. Энди саволингизга келсак, мамлакатнинг ҳар қандай ёш тоифасидаги терма жамоасини бошқариш исталган мураббий учун шараф ҳисобланади. Шу сабаб таклифни хурсандчилик билан қабул қилдим. Аммо айтганингиздек, зиммамга катта масъулият ва жавобгарлик юкланди. Бор имкониятимни ишга солиб, жамоамизнинг муваффақиятига ҳисса қўшишга ҳаракат қиламан. Негаки, Ватан жамоаси ҳақида гап кетяпти. Унинг учун жон фидо қилишга ҳам тайёр туриш керак. Ўйлайманки, йиллар давомида ёрдамчи бўлиб ишлаб юриб, тўплаган тажрибам энди асқотади. Зеро,«Неф­т­чи» ва «Олмалиқ»да ҳам, миллий термада ҳам забардаст мураббийлар билан бирга ишладим, улардан кўп нарса ўргандим.

 

- Ҳа, Юрий Саркисян, Игорь Шквирин ҳамда Миржалол Қосимовга ассис­тентлик қилдингиз. Табиийки, бу мураббийларнинг тактика ва қарашлари турлича. Сўрамоқчимизки, иш услубингизда ўзгариш бўладими?

 

- Албатта. Клуб ва терма жамоа ўртасида катта фарқ бор. Иш услубидаги ўзгаришлар биринчи галда, шу ҳолат билан изоҳланади. Энг аввало, эътиборимни интизомга қаратаман. Жамоада интизомни йўлга қўймай туриб, ижобий натижага эришиш гумон. Мазмунли, мухлисларга ёқадиган ўйин намойиш этишни ҳам мақсад қилганмиз.

 

- Тошкентда ташкил этилган қисқа муддатли ўқув-машғулотлар йиғинидан кўнглингиз тўлдими? Олдиндан белгиланган режаларингиз амалга ошдими?

 

- Ҳамиша ҳам инсон хоҳлагандек бўлавермайди. Қаердадир камчиликлар сезилади. Бу табиий ҳолат ва барчасини тўғри қабул қилиш керак. Об-ҳаво шароити машғулотларни кўнгилдагидек ўтказишга имкон бермади. Бу баҳона эмас. Ҳақиқатан ҳам, ҳўл қор майдон ҳолатига салбий таъсир ўтказмай қолмади. Машғулотларни «Жар» стадионининг қўшимча майдонида олиб бордик. Мана, йиғиннинг сўнгги куни ЎФФ ёнидаги майдонда машғулот ўтказдик. «Пахтакор»га қарши кечган назорат учрашуви эса «Чилонзор» сунъий қопламали майдонида бўлиб ўтди. Мени хурсанд қилган нарса шуки, футболчиларнинг кайфиятлари аъло даражада. Йигитлар Осиё чемпионатида юқори натижа кўрсатиб, юртдошларимизга қувонч улашишни мақсад қилишган. Бунинг учун бор имкониятни ишга соламиз. Хуллас, Уммонга саёҳат учун кетаётганимиз йўқ.

 

- Ўзингиз истаган таркибни йиға олдингизми? Чунончи, 1991 йили таваллуд топган футболчиларни ҳам чақириш имкони бор эди...

 

- Таркиб бинойидек. Лекин айрим футболчиларда кичик жароҳат бор. Ўйлайманки, шифокорларимиз уларни 12 январга қадар сафга қайтаришади.

 

- Айнан кимларни назарда тутяпсиз?

 

- Акбар Исматуллаев ва Жавлон Мирабдуллаевни. Бугунги икки таркибга бўлиниб ўтказган ўйинимизда бу футболчилар айнан жароҳат туфайли майдонга тушишмади. Умид қиламиз, Хитой билан ўйинга қадар улар муаммодан қутулишади.

 

- Биздаги аниқ хабарга кўра, БАА ва Яман футбол федерациялари вакиллари ўртоқлик учрашуви ўтказиш бўйича ЎФФга мурожаат қилишган. Аммо негадир бу таклифлар беэътибор қолдирилди. Сизга улар ҳақида айтишдими?

 

- Бу маълумотни ҳозир эшитиб турибман. Лекин ЎФФ «Терма жамоалар маркази» Дубайда 2та ўртоқлик ўйини хусусида келишувга эришган. Дастлабки назорат учрашувимиз 6 январь куни БАА қуйи лигаси вакили - «Хатта»га қарши бўлиб ўтади. Бу Дубай шаҳри жамоаси ҳисобланади. Иккинчи ўйинимиз эса 8 январь санаси Қозоғистоннинг «Астана» клуби билан. Ҳар икки ўйин Дубайда бўлади. Режага кўра, 10 январь куни Уммонга кўчиб ўтамиз.

 

- ЎФФ «Терма жамоалар маркази» мутасаддиларидан сўраганимизда, турнир учун аниқ вазифа белгиланмагани, лекин Ўзбекистон номидан борилаётгани учун муносиб иштирок этиш кераклигини айтишганди. Шу нарсага ойдинлик киритиб ўтсангиз: жамоа олдига бирор вазифа қўйилдими?

 

- Биз Ўзбекистон, Ватанимиз номидан Осиё чемпионатида қатнашамиз. Шундай экан, мусобақага мақсадсиз бориш ярамайди. Қандай шароитда бўлишимиздан қатъий назар, ҳар бир учрашувда майдонга ғалаба иштиёқида тушамиз. Мақсадларимиз - олий. Буни фақат амалда исботлаш керак.

 

- Гуруҳдаги рақиблар ҳақида маълумотлар етарлими?

 

- Ҳозир кучсиз жамоанинг ўзи йўқ. Лекин биз ҳеч кимдан кам эмасмиз ва ҳеч бир рақибдан чўчимаймиз ҳам. Тўғри, гуруҳимиздаги 4та жамоа ҳам кучли. Гуруҳдан чиқиш имкониятлари деярли бир хил. Энди йил боши эканлигини инобатга олсак, футболчиларимизда функционал тайёргарлик бўйича озгина камчиликлар сезилиши мумкин. Лекин такрор айтаман, бу ҳеч қандай баҳона эмас. Чемпионатда омад ҳам катта роль ўйнайди. Умид қиламанки, омад ниҳоят, бизга кулиб боқади.

 

- Ироқ терма жамоасида бош мураббий алмашибди...

 

- Бундан хабарим йўқ. Ҳозир рақибларимизнинг қандай таркиб ҳосил қилишлари муҳим жиҳат. Гуруҳимиздаги иккинчи ўйинни бевосита стадионда кузатиш орқали бир йўла икки рақиб ҳақида маълумот тўплаймиз.

 

- Шу пайтгача терма жамоаларимиз асосан битта ҳужумчи билан ўйнаб келишган. Бу анъана сизнинг жамоангизда ҳам давом этадими?

 

- Тўғри, мухлислар ҳужумкор ўйинни соғиниб қолишди. Вазиятга қараб иш тутамиз. Икки ҳужумчи билан ўйнаш учун жамоа футболчилари жисмоний жиҳатдан тўлиқ тайёр бўлишлари керак. Ҳужумга берилиб кетиб, рақибнинг қарши ҳамласида гол қўйиб юбориш яхши эмас. 2011 йилги Осиё чемпионатида Австралияга қарши кечган ўйинни эсланг. Тўп билан муомалада бўлиш 63 фоиз - бизнинг фойдамизга, лекин ҳисоб умуман бунга мос эмас. Бу ўзига хос сабоқ.  

 

- Ёрдамчиларингизни ўзингиз танладингизми?

 

- Албатта. Алексей Евстафеев ва Мурод Исмоилов айнан шу йигитлар билан аввалдан ишлаб келишган. Уларни яқиндан билишади. Қолаверса, ўзимнинг ҳам бу мураббийлар билан муносабатларим яхши. Ўйлайманки, охиригача шундай бўлиб қолади.

 

- Мурод Исмоилов куни кеча «Нефт­чи»га бош мураббий этиб тайинланди. Ҳатто даст­лабки машғулотни ҳам ўтказиб улгурди. У терма жамоага қачон қўшилади?

 

- 11 январь куни Уммонга учиб боради ва жамоани 12-санадаги ўйинга тайёрлашда кўмак беради.

 

- Миллий жамоадаги фаолиятингиз ҳам параллел равишда давом этадими?

 

- Умид қиламанки, Миржалол Қосимов билан ҳамкорликда ишлайверамиз. Зиммамизга юклатилган вазифани биргаликда амалга оширишга ҳаракат қиламиз.

 

- Умуман, Қосимов ёшлар термасини олганингизга қандай муносабат билдирди?

 

- Жалол билан болаликдан дўстмиз. Фақат футбол эмас, унинг ташқарисида ҳам бир биримиз билан маслаҳатлашган ҳолда кўп ишларимизни амалга оширамиз. Шундай таклиф бўлаётганини айтганимда, хурсандчилик билан қабул қилди. «Ўзинг ҳам қачондир барибир, бош мураббий сифатида ишлашинг керак-ку», - деди ва омад тилади.

 

- Мухлисларга айтар сўзингиз бўлса, марҳамат...

 

- Бизни қўллаб-қувватлаб туришсин. Ёши улуғларимиздан дуо сўрайман. Ўз ўрнида, биз ҳам ишончни оқлашга астойдил ҳаракат қиламиз. Осиё чемпионатидаги илк ўйинни кўтаринки кайфиятда ўтказиб олсак, бас. Энг муҳими, терма жамоамиздаги барча футболчиларда халқаро тажриба етарли. Жаҳон ва Осиё чемпионатларида иштирок этиб, кўп нарсаларни кўришган. Бу нарса бизга асқотиши керак.

 

P.S.: Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси делегацияси Дубай шаҳри чеккароғидаги тўрт юлдузли TIME Grand Plaza меҳмонхонасига жойлашган. Бу меҳмонхона ихтиёрида маш­ғулот майдони йўқ. Шу боис машғулотлар БАА футбол федерацияси қошидаги майдонда ўтказиляпти (меҳмонхонадан 15 дақиқалик йўл). БАА футбол федерацияси олдида иккита чимли майдон борлигини инобатга олсак, бу ҳар томонлама қулай жой. ЎФФ олдида битта сунъий қопламали майдон борлигини таъкидлаб ўтиш жоиз.

 

Алексей Евстафеев (терма жамоа катта мураббийи):

 

- Тайёргарлик кўриш учун вақт оз. Об-ҳаво ҳам кўнгилдагидек маш­ғулот ўтказишга имконият бермади. Ўйлайманки, БААдаги бир ҳафталик ўқув-машғулотлар йиғини чоғи тайёргарликни маромига етказиб оламиз. Таркибдаги барча футболчилар профессионал. Ўз зиммаларига юклатилган масъу­лиятли вазифани шараф билан уддалашади. Биз - мураббийлар йигитларга ишонамиз. Осиё чемпионатига максимал вазифаларни кўзлаб кетяпмиз. Мусобақага мақсадсиз бориш - бу мантиқсизлик. Боз устига, таркибимиз жуда кучли. Очиғи, рақибларимиз ҳақида маълумотлар етарли эмас. Шуниси аниқки, улар анчадан бери Осиё чемпио­натига тайёргарлик кўришяпти. Бундан фаҳмлаш мумкинки, рақибларимиз Уммонда шунчаки, ўйнаш фикридан йироқлар.

 

Асилбек Омонов (терма жамоа дарвозабони):

 

- Терма жамоа таркибига энг охирида қўшилдим. Менга ишонч билдиришгани учун мураббийларга миннатдорчилик билдирмоқчиман. Албатта халқимизга қувонч улашишни дилимизга тугиб қўйганмиз. Жамоадошларим ҳам худди шундай фикрдалар. Деярли барчамиз жаҳон ва Осиё чемпионатида қатнашганмиз. Айтмоқчи бўлганим, хал­қаро тажрибамиз бор. Ҳаяжонга берилмасдан, ўз олдимиздаги вазифани шараф билан уддалаймиз.  

 

ТЕРМА ЖАМОАМИЗ делегацияси

 

Дарвозабонлар: Асилбек Омонов («Пахтакор»), Абдумавлон Абдужалилов («Пахтакор»), Акмал Турсунбоев («Пахтакор»)

 

Ҳимоячилар: Тоҳир Шамситдинов («Пахтакор»), Максимилиан Фомин («Пахтакор»), Бобурбек Йўлдошев («Локомотив»), Сардор Раҳмонов («Локомотив»), Жавлон Мирабдуллаев («Бунёдкор»), Акбар Исматуллаев («Пахтакор»), Егор Кримец («Пахтакор»), Даврон Ҳошимов («Пахтакор»), Владимир Козак («Пахтакор»)

 

Ярим ҳимоячилар: Аббосбек Махсталиев («Пахтакор»), Сардор Рашидов («Бунёдкор»), Диёржон Туропов («Олмалиқ»), Сардор Мирзаев («Нефтчи»), Дилшод Жўраев («Бунёдкор»), Муҳсинжон Убайдуллаев («Пахтакор»), Жамшид Искандаров («Пахтакор») Сардор Собирхўжаев («Бунёдкор»)

 

Ҳужумчилар: Игорь Сергеев («Пахтакор»), Темурхўжа Абдухолиқов («Пахтакор»), Абдулазиз Юсупов («Пахтакор»)

 

Бош мураббий: Шуҳрат Мақсудов

 

Катта мураббий: Алексей Евстафеев

 

Жамоа менежери: Рамиль Ильясов

 

Делегация раҳбари: Асқар Толибжонов
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 17:02, 08.01.2014.
Ўқилди: 7405 марта.
Фикрлар: 32 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.