Футбол оламининг умрини ўз клубига бағишлаган қаҳрамонлари бисёр. Шуни инобатга олган ҳолда, мақоланинг иккинчи қисмини ҳам ёзишга қарор қилдик.
Паоло Малдини. Мақоламизни бежизга айнан шу футболчи билан бошламадик. Боиси, чорак аср давомида юраги фақат ва фақат бир клуб — “Милан” учун урган Малдини ҳар қандай футбол саҳифасини безайди. Ахир 25 йил мобайнида бир жамоада ўйнаш ва шу даврда клубнинг юрагига айланиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Малдинининг ҳозир ҳам мухлислар томонидан ўзгача эҳтиром билан эсланишига ҳам ана шу садоқати сабабчи бўлган бўлса, ажаб эмас. Паоло Малдини — садоқатга қўйилган тирик ҳайкал.
Карлес Пуйоль. Шак-шубҳасиз, “Барселона”нинг ўзун сочли, бақувват, ҳимоядаги “танка”си бўлмиш Карлос Пуйоль садоқат бобида тенгсиз. Нега дейсизми, ахир бу футболчи 1995 йилдан бери фақат “Барселона” учун нафас олади. Салкам 20 йил Каталонияда ўйнаган ушбу ҳимоячини каталонияликлар ва, умуман, “Барселона”нинг ашаддий ишқибозлари юксак даражада қадрлашади. Таъкидлаш керак, футболнинг ашаддий мухлислари ушбу чарм тўп устасини “Барселона”нинг бир бўлаги сифатида тасаввур қилишга ўрганиб қолишган.
Раян Гигз. 1987 йилда бир клубга келиб, ҳамон шу клубда ўйнаш жуда ҳайратланарли ва таҳсинга лойиқ. Агар бу ўйинчининг ёши 41 га қараб кетаётган бўлса, бу янада мақтовга сазовор. “МЮ”дан қатор футболчиларни кузатиб қўйган бўлса-да, ўзи ҳамон қизил иблислар сафидан кета олмаётган Раян Гигз ҳар қандай эътирофга муносиб. У “МЮ”нинг ашаддий мухлислари учун қатор зафарлар-у, шахсий ютуқларни қўлгаи киритган машҳур футболчилардан-да қадрлироқ. Чунки у борини жамоасига тиккан.
Пол Скоулз. Гарчи ўтган йилда фаолиятини тугатган бўлса-да, Пол 12 йил умрини “Манчестер Юнайтед”га бағишлади. Ҳатто кетар чоғида “МЮ”нинг собиқ бош мураббийси Сер Алекс Фергюсон уни яшил майдонда қолишга ундади. Бунинг сабаби, Скоулз ҳақиқатан ҳам қизил иблисларнинг ажралмас қисмига айланиб улгурганди. Таъкидлаш керак, 1991 йилдан буён Манчестерда ўйнаб келаётган бу собиқ футболчи, то футбол бор экан, ашаддий ишқибозлар хотирасидан кўтарилмайди.
Бу каби футболчилар жуда кўп. Мақоланинг учинчи қисмида қолган футболчилар ҳақида сўз юритамиз.
Низомжон ИСЛОМОВ