Эркин кураш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Насибулло Қурбонов Россиянинг Красноярск шаҳрида ўтказилган халқаро мусобақада кумуш медални қўлга киритди. Бу ҳақда 12news.uz хабар бермоқда.
Д.Миндиашвили номидаги Кураш академияси соврини учун ўтказилган XII Умумроссия эркин ва аёллар кураши бўйича очиқ турнирида россиялик спортчилар қаторида 10га яқин хорижий мамлакат курашчилари ҳам иштирок этишди.
2010 йилги Осиё чемпионати кумуш медаль совриндори Қурбонов мусобақаларнинг финалида гилам эгаси Болат Айсуевни енга олмади ва иккинчи ўринни эгаллади.
Айтиш жоиз, Красноярск шаҳрида шу йилнинг 24-26 январь кунлари эркин ва аёллар кураши бўйича Олтин Гран-при турнири бўлиб ўтади.