Бугун “Насаф”нинг ОЧЛ-2014 плей-офф учрашувидаги рақиби “Ал-Жайиш” жамоаси Қатар Юлдузлар лигаси навбатдаги турида турнир жадвалининг сўнгги поғоналарининг бирида, 13-ўринда бораётган “Умм-Салал” жамоаси билан сафарда куч синашишди.
Аввал хабар қилганимиздек, бугун “Ал-Жайиш” жамоасини янги мураббий майдонга олиб тушди. У майдонга тушадиган одатдаги жамоа таркибида ҳам бир қанча ўзгаришлар қилди. Асосий дарвозабон Сауд ал-Хотир заҳира ўриндиғида қолдирилди ва доимо захирадан майдонга тушадиган ҳимоячи Абдулла Айеш эса илк дақиқалардан майдонда ҳаракат қилди. Айнан мана шу ўйинчининг қўпол хатоси туфайли “Умм-Салал” ҳисобда олдинга ўтиб олди. Учрашувнинг 14-дақиқасида Абдулла Айеш ўз дарвозасини ишғол қилиб қўйди – 1:0. Шундан сўнг меҳмонлар ўртадаги ҳисобни тенглаштириш учун қанчалик уринишмасин буни уддасидан чиқа олишмади. Аксинча 31-дақиқага келиб ўз дарвозаларидан яна бир марта гол ўтказиб юборишди – 2:0. Учрашув биринчи бўлими ана шу ҳисобда ниҳоясига етди.
Иккинчи бўлимда “Ал-Жайиш” мураббийи таркибда бир нечта ўзгаришлар қилди, жумладан, биринчи бўлимдаги “айбдор” Абдулла Айеш ўрнига Холид Абдул Рауф, жамоанинг франциялик ҳужумчиси Кембо Экоко ўрнига Муҳаммад Аҳмад Жабрий, бразилиялик ҳужумчи Вагнер Риберо ўрнига эса Юсуф Муфтаҳ майдонга туширилди.
Ўйиннинг сўнги қўшиб берилган 93-дақиқадасида “Ал-Жайиш” жамоаси ўртадаги ҳисобни қисқартиришга муваффақ бўлди. Ушбу голга жамоанинг 29-рақамдаги ҳужумчиси Муҳаммад Мунтарий муаллифлик қилди. Аммо жамоа яна мағлубиятга учради.
Шуниси диққатга сазоворки, “Умм-Салал” жамоасини бошқариб бораётган туркиялик мутахасис Б.Уйгун кеча бўлиб ўтган ўйинолди матбуот анжуманида “Ал-Жайиш” жамоасининг ҳозирги руҳий ҳолатида муаммолар борлиги ва қандай бўлмасин ушбу учрашувда жамоасини фақат ғалаба қилиш иштиёқида эканлигини таъкидлаб ўтган эди. Кўриб турибсизки, бу мутахассис ўз ниятига эришди. Аксинча “Ал-Жайиш” жамоасини янги мураббий Адам Юсуф оғир руҳий ҳолатдан олиб чиқа олмади. Унинг учун дебют учрашув муваффақиятсиз якун топди.
Биз “Ал-Жайиш” жамоасининг фаолиятини кузатишда давом этамиз ва мухлисларни бу ҳақда сайтимиз орқали хабардор қилиб боришга ҳаракат қиламиз.
18.01.2014. ҚЮЛ, 16-тур. Суҳаим Бин Ҳамад стадиони
“Умм-Салал” - “Ал-Жайиш” 2:1 (2:0)
“Ал-Жайиш”: 33. Аҳмад Суфиён, 4.Андерсон Виера Мартинс, 2.Мурод Нажи, 3.Абдулла Айеш (Холид Абдул Рауф, 46), 7.Весам Ризқ, 10.Кембо Экоко (Муҳаммад Аҳмад Жабрий), 12.Мажид Муҳаммад, 37.Сеул Ки Го, 20.Вагнер Риберо (Юсуф Муфтаҳ), 21.Али Санад, 29.Муҳаммад Мунтарий
“Ал-Жайиш” жамоаси ушбу мағлубиятдан сўнг ҚЮЛ турнир жадвалининг 4-поғонасига тушиб кетди. Улар навбатдаги 17-турни яна сафарда турнир жадвалини 2-ўрнида бораётган “Ас-Садд” жамоасига қарши ўтказишади.