Тошкентнинг “Бунёдкор” жамоаси айни пайтда Дубай шаҳрида янги мавсумга тайёргарлик олиб бормоқда. Амирликларда ўтаётган машғулотларда Миржалол Қосимов қўл остида 25 нафар футболчи шуғулланяпти. Йиғин таассуротларини билиш мақсадида ярим ҳимоячи Алибобо Раҳматуллаевни қисқача суҳбатга тортдик.
- Алибобо, Дубайдаги йиғин қандай ўтмоқда?
- 18 январь куни тушлик пайтида Дубайга етиб келдик ва ўша куннинг ўзидаёқ илк машғулотимизни ўтказдик. Ҳозирги кунда ҳар бир машғулот биз учун жуда муҳим ҳисобланади. Жамоамизга янги футболчилар таклиф қилинган. Шунингдек, ёшлар таркибидан ҳам бир неча иқтидорлар асосий жамоага жалб этилган. Кунига икки маҳалдан шуғулланяпмиз. Жисмоний ҳолатимизни янада яхшилаш учун ҳам алоҳида юкламалар оляпмиз. Машғулотлардаги ҳозирги қийинчиликлар албатта мавсум давомида бизга ўз фойдасини беради.
- Таркибга қўшилган янги футболчилар ҳақида нима дейсиз?
- “Бунёдкор” – аҳил жамоа. Шу боисдан ҳам сафимизга келган янги футболчилар жамоага тезда мослашиб кетишди, деб бемалол айта оламан.
- Дубай сафари олдидан Тошкентда йиғин ўтказилди. Айтингчи, бу икки ўқув-машғулот йиғинлари ўртасида қандай фарқ бор?
- Аввало об-ҳаво борасида катта тафовут бор. Шунингдек, Тошкентда суъний майдонда шуғулланган бўлсак, Дубайда табиий чимда тўп тепяпмиз. Энг асосийси, машғулотларимиз кун сайин кучайиб бормоқда. Мураббийларимиз босқичма-босқич футболчиларга юкламалар беришиб, бизни мавсумга тайёрлашмоқда. Қолаверса, Дубайдаги йиғинимиз доирасида кучли жамоалар билан ўртоқлик учрашувлари ўтказамиз. Кучли жамоаларга қарши кечадиган назорат учрашувлари бизга тажриба беради.
- 2014 йилги мавсум олдидан шахсан ўзингиз учун қандай режалар туздингиз?
- Албатта, энг яқин танқидчим бўлган – отам билан маслаҳатлашиб, ўз олдимга мақсадлар қўйганман. “Бунёдкор” таркибида рақобат кучли. Шундай экан машғулотларда астойдил меҳнат қилиб, асосий таркибга киришни истайман. 2014 йил яна бир карра Ўзбекистон чемпиони бўлишни ва мамлакат кубогини ўзимизда сақлаб қолишни хоҳлайман. Шунингдек, Осиё Чемпионлар лигаси мусобақасида муносиб иштирок этиб, мухлисларни хурсанд қилишга ҳаракат қиламан.
Баҳодир МИРЗАЕВ суҳбатлашди.