Аввал хабар қилганимиздек, Филиппин пойтахти Манила шаҳрида Осиё Олимпия Кенгаши (ООК)нинг 32-Бош Ассамблеяси йиғилиши ўтказилди.
Мазкур йиғилишда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Қосимов, вице-президент Фарҳод Турдиев ва “Халқаро муносабатлар” бўлими бошлиғи Баҳодир Ҳусанхўжаев Ўзбекистон номидан иштирок этдилар.
Ассамблея йиғилишида қитъада Олимпия харакатини янада ривожлантириш билан боғлиқ қатор масалалар, шунингдек, яқин келажакда қитъа миқёсида ўтказиладиган йирик спорт ўйинларига қай даражада тайёргарлик ишлари олиб борилаётганлиги ҳақида ўйинларга мезбонлик қилувчи давлатлар ташкилий қўмита аъзоларининг тақдимотлари намойиш этилди.
Жумладан, 2014 йили Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида ўтказиладиган XVII ёзги Осиё ўйинлари ҳамда жорий йил Таиланднинг Пхукет шаҳри мезбонлик қиладиган IV Осиё соҳил ўйинлари, шунингдек, 2017 йили Ашхабод шаҳри (Туркманистон)да бўлиб ўтадиган ёпиқ спорт иншоатларида ўтказиладиган спорт турлари ва жанг санъатлари бўйича Осиё ўйинлари ва Шри-Ланканинг Хамбантота шаҳрида (2017 йилда) ўтказиладиган III ёшлар Осиё ўйинларининг мезбонлари мусобақаларни юқори суръатда ўтказиш бўйича олиб бораётган тайёргарликлари ҳақида атрофлича маълумот бердилар.
Шу билан бирга 2016 йил Рио-де-Жанейро шаҳри (Бразилия)да ўтказиладиган XXXI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларига олиб борилаётган тайёргарлик ишлари бўйича ҳам ташкилий қўмита вакиллари тақдимот қилдилар.
“Авваламбор шуни таъкидлаш жоизки, бундай йиғилишлар Осиё Олимпия кенгашига аъзо давлатлар МОҚ ўртасида ўзаро дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини янада кенг қулоч ёзишига, қитъада Олимпия харакатини тараққиётини янги босқичга олиб чиқади – дейди Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Қосимов. Сафаримиз давомида Осиё Олимпия кенгаши президенти Шайх Аҳмад ал-Фаҳад ал-Сабоҳ билан учрашиб, мамлакатимизда Олимпия харакатини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида атрофлича суҳбатлашдик. Эътиборлиси, ООК раҳбари Ўзбекистонда Давлатимиз томонидан жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ривожлантириш борасида кўплаб ибратли ишлар амалга оширилаётганлигига алоҳида тўхталиб, Олимпия харакатини ривожлантириш борасида олиб борилаётган сайи-харакатларга ҳам юқори баҳо берди. Бундан ташқари яқин келажакда 2016 йил Бразилияда ўтказиладиган Олимпиада ўйинлари ҳамда Осиё миқёсида ўтказиладиган ўйинларнинг ташкилий қўмитаси аъзолари билан бўлиб ўтган учрашувларимиз ҳам самарали бўлди”.
Маълумки, Осиё қитъасида биринчи спорт ўйинлари 1913 йилда Манила шаҳрида ўтказилган. Ўшанда Япония, Филиппин ва Хитой давлатлари ўзаро бирдамлик ва ҳамкорлик ришталарини янада кенгайтириш мақсадида Узоқшарқ ўйинларини ўтказилган эди. Осиё Олимпия кенгашининг 32-Бош Ассамблеяси йиғилиши якунига етгач, ушбу ўйинларни ўтказилганлигига 100 йил тўлганлиги муносабати билан катта байрам дастури ташкил қилинади. Унда Осиё Олимпия кенгашига аъзо МОҚ вакиллари ҳам иштирок этдилар.