Москванинг "Локомотив" клуби ҳимоячиси жамоанинг Португалиядаги йиғинлари якунлари борасида ўз фикрларини билдириб ўтди.
— Йиғин ҳақида фикрларингиз. Ушбу йиғин жамоа ва шахсан сиз учун қанчалик самарали бўлди?
— Қишда бир нечта йиғинларда иштирок этамиз. Ҳар бир йиғин давомида маълум вазифалар устида ишлаймиз. Португалияда йиғин олдидан эса бош мураббий биз билан биргаликда нимага эришмоқчи эканини айтди. Маълум йўналишда ишладик ва Леонид Станиславовичнинг сўзларига кўра, биз йиғин режасини бажардик.
— Ҳозир ўз формангизни қандай баҳолайсиз?
— Жисмоний жиҳатда ўзимни яхши ҳис қиляпман. Машғулотнинг дастлабки кунларида мушакларим юкламалар таъсирида оғриди. Лекин массажчи ва шифокорларимизнинг саъй-ҳаракатлари эвазига ушбу ҳолат тез ўтиб кетди. Шунингдек, сувдаги муолажалар ҳам ёрдам берди. Албатта, айрим юкламалар борки, у мавсумннг ихтиёрий пайтида ўз таъсирини кўрсатиши мумкин. Умуман олганда эса ҳозир ҳаммаси жойида.
— "Локомотив" иккита назорат ўйинида бирорта ҳам гол ўтказиб юбормади. Мудофаа чизиғи вакиллари бир-бирларини яхши тушуниб ўйнаётганлари учун юклама остида ўйнаганда ҳам "синиб" қолмаяптими?
— Рақиблар ҳақида ҳам унутмаслик керак. Бизга қарши жуда ҳам кучсиз жамоалар ўйнади деб айта олмайману, аммо бу жамоаларнинг даражаси бутунлай бошқача эди. Биринчи ўйинда биз учинчи лига жамоаси билан ўйнадик, иккинчи рақибимиз таркибида эса кўрикдан ўтаётган футболчилар кўп экан. Биз буни кейин билдик. Шунга қарамай, гол ўтказиб юборишни ҳеч ким яхши кўрмайди. Шунинг учун ҳимояда максимал даражада эҳтиёт бўлиб ўйнадик. Ушбу ўйинлардан олинган ижобий ҳиссиётлар эса бизга мавсумнинг баҳорги қисми учун яхши тайёргарлик кўришга ёрдам беради.
— "Локомотив" Андалусияда 3та жиддий рақиб билан ўйинларда иштирок этади. Польша вице-чемпиони «Лех», Чехия вице-чемпиони «Спарта», Болгария чемпиони «Лудогорец». Ёмон рақиблар эмас.
— Кўрамиз. Улар билан ўйнаганимиздан кейин ўз фикрларини айтаман. Одатда йиғинлар аввалида ўйин ритмини яхши ҳис қилиш учун савия жиҳатидан кучсизроқ жамоалар билан ўйналади. Кейинроқ эса, яхши формага кириб олганимиздан кейин, кучли жамоалар билан ўйинлар ташкил этилади. Мураббийлар нима қилиш кераклигини яхши билишади. Ўйлайманки, бу жамоалар билан ўйин арафасида яхши тайёргарликка эга бўламиз.